Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 18:56 Чоп этиш версияси

Маънавий бедорликка, фаол ижодга ундовчи рағбат

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 августдаги "Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорини ўқиб... 

Шу кунларда қабул қилинаётган бир қатор ҳужжатлар санъат ва маданият, адабиёт, медиа соҳани янада равнақ топтириш, ижодкорлар меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларни янгидан-янги ижодий марралар сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашуви ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Санъат ва маданият соҳаларидаги ютуқлар билан бирга мавжуд камчиликлар атрофлича таҳлил этилган ушбу мулоқот чоғида долзарб масалаларнинг амалий ечимлари ҳам кўрсатиб берилгани эътиборга молик. Мазкур учрашув натижасида кейинги кунларда санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, мазкур йўналишда меҳнат қилаётган ходимларнинг фаолиятини рағбатлантириш йўлида қатор қарорлар қабул қилингани халқ маънавиятини юксалтириш, ижод аҳлига меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги амалий ишларнинг узвий давоми бўлмоқда.

Истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан маданият ва санъат ривожи йўлида салмоғи, қамрови, аҳамиятига кўра катта ҳажмдаги ташаббуслар ҳаётга кенг жорий этилгани бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган маданий-маърифий муассасалар, муҳташам театр бинолари, санъат галереялари, кўргазма заллари, музейлар, консерватория, муҳташам мусиқа саройлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари мисолида намоён бўлмоқда. Айни пайтда халқимизнинг зиёлилар, санъаткорларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек фазилати янгича маъно-мазмун билан бойиб, қадрият даражасига кўтарилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса ижодкор зиёлиларни янада фаол, ташаббускор, изланувчан бўлишга ундамоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувини тарихий учрашув десак муболаға бўлмайди. Самимий, дилдан, барча муаммо ва масалалар очиқ муҳокама этилган ушбу учрашув юртимизнинг барча санъат ва маданият соҳаси вакиллари каби мени ҳам ғоят ҳаяжонга солди. Наинки тўлқинлантирди, балки ёшлар маънавиятини, тарбиясини, дунёқарашини тўғри шакллантиришда зиммамиздаги вазифалар, ижодкорнинг ижтимоий бурчи, масъулияти нималардан иборат экани ҳақида яна бир карра пухта таҳлилий фикр юритишга, истиқболдаги амалий ишлар режасини белгилаб олишга ундади. Билдирилган танқидий фикрлар ўз фаолиятимиз хусусида яна бир карра теранроқ мушоҳада юритишга чорлади. Президентимизнинг эътиборидан санъат ва маданиятнинг ҳеч бир жабҳаси, мавжуд барча муаммолар четда қолмаётгани биз ижод аҳлини ғоят ҳаяжонлантирди.

Бир қанча йиллар мобайнида уюшмамиз молиявий имкониятлари чеклангани сабабли жуда кам штат бирлиги асосида фаолият юритар эди. Табиийки, бу ишимизга, жойлардаги композиторлар билан ишлашга, мусиқа ихлосмандлари, ёшлар билан мулоқотларни мунтазам ўтказишга ҳам ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмас эди.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори асосида уюшмамиз Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сифатида қайта ташкил этилгани мусиқашунослар, бастакорлар ва композиторларни ғоят қувонтирди. Уюшма номида композиторлар ва бастакорлар алоҳида келтирилганида ҳам ўзига хос эътибор мужассам. Мусиқий асарлар яратиш билан доимий шуғулланувчи композиторлар қаторида узоқ йиллар мобайнида созандалик ёки хонандалик фаолияти билан шуғулланиб, кейин мусиқа яратаётган ижодкорлар – бастакорлар миллий қўшиқчилик санъати ривожига ўзига хос ҳисса қўшиб келмоқда.

Чин маънодаги юксак, бадиий баркамол мусиқий асар тингловчи дидини чархлаши, унинг санъат, ҳаёт ва умуман, борлиқ ҳақидаги фалсафий фикрларини янада теранлаштириши, тиниқлаштириши барчамизга яхши аён. Мусиқанинг қайси жанрида бўлмасин, ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, мукаммал асарлар яратиш бугун қўшиқчилик санъати соҳасида ижод қилаётган бастакор ва композиторлар зиммасидаги долзарб вазифадир. Бундай асарлар ёшларнинг мусиқий тафаккури, савиясини тарбиялаши билан бирга уларни чинакам санъат асарини "оммавий маданият" намуналаридан ажрата билишга, фарқлай олишга ўргатиши шубҳасиз.

Қарорда мусиқачиларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шароит ва имкониятлар кўламини янада кенгайтиришнинг янги истиқболлари белгиланишига оид саъй-ҳаракатлар қаторида соҳага тааллуқли вазирлик ва ташкилотлар билан, шунингдек, халқаро миқёсдаги ҳамкорликни янада кучайтириш, бастакорлар ижодини халқимизга кенг таништирувчи турли мусиқий тадбирлар, концертлар, фестивалларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бу эса мусиқа санъатини тингловчига янада яқинлаштиришда, халқимизга энг сара ва юқори савиядаги асарларни тақдим этишда ўзига хос ўрин тутиши шубҳасиз.

Мазкур ҳужжат уюшманинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини йўлга қўйиш, ёш бастакор ва композиторлар билан ишлашни замон руҳи билан уйғун олиб боришни ҳам кўзда тутади. Бу борадаги харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш "Илҳом" жамоат фонди маблағлари асосида молиялаштирилиши кутилган ижобий самараларни беради.

Ҳеч бир даврда санъат ва маданият моддий кўмаксиз, ҳомийлик ёрдамисиз равнақ топмаган. Эндиликда "Асакабанк" акциядорлик тижорат банки уюшмамизнинг "Дўстлар клуби"га раҳбарлик қилади. Демакки, уюшмамиз биноси келгусида кўркам қиёфа касб этади. Истиқболда электрон архив, махсус фонотека, овоз ёзиш студияси, "Мусиқа ижодкорлари" музейининг ташкил этилиши мусиқага оид бебаҳо маънавий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан халқимиз ва, айниқса, ёшларни баҳраманд этиш, келгуси авлодларга безавол етказиш, мусиқа таълими ривожига муносиб ҳисса қўшиш имконияти яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг соҳа вакилларига моддий, маънавий ғамхўрлиги барчамиздан ижодкорнинг бугунги кундаги масъулиятини, ижтимоий бурчини, фуқаролик, чин инсонийлик позициясини теран англашга, бадиий баркамол асарлар яратиш орқали ёш авлоднинг маънавий дунёсини тўғри тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Кўрсатилаётган улкан эътиборга бадиий жиҳатдан мукаммал, етук мусиқий асарлар яратиб, ўзимизнинг фаол, фидокорона, илғор ташаббусларга бой бўлган тинимсиз меҳнатимиз билан жавоб бериш бурчимиздир.

Рустам Абдуллаев,
Ўзбекистон композиторлари ва
бастакорлари уюшмаси раиси.

ЎзА
2 630






Все о погоде - Pogoda.uz