Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Маданий мерос объектлари – тарихимиз кўзгуси

Урганчда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Архив иши тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Хоразм вилояти ҳудудида турли давр ва цивилизацияларга оид 4 турдаги 245 моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Уларнинг 17 таси археология ёдгорлиги, 134 таси архитектура ёдгорлиги, 88 таси монументал санъат ёдгорлиги, 6 таси диққатга сазовор жойлардир. Хива шаҳридаги Ичан-қалъа тарихий-меъморий мажмуаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган.

– Мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Р.Собуров. – Бунда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни қайта таъмирлаш-тиклаш, маданий мерос объектларини имкон қадар асл кўринишида асрашни таъминлаш ва уларни умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Вилоятда 187 маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улардан фақат 24 тасининг кадастр ҳужжати расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. Маданий мерос объектларини реставрация қилиш, таъмирлаш ишларига давлат бюджети ҳамда грант маблағлари ҳисобидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадсиз ишлатилиши, давлат мулкини ижарага бериш масалаларида турли қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Бу ҳали соҳада қилиниши зарур бўлган вазифалар кўплигидан далолатдир.

Доимий комиссия мажлисида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар масъул ходимларининг ахбороти тингланди. Қонун ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг натижадорлигига эришиш юзасидан фикр алмашилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 773






Все о погоде - Pogoda.uz