Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 20:47 Чоп этиш версияси

"Тошкент баҳори" халқаро опера ва балет фестивали якунланди

"Тошкент баҳори" халқаро опера ва балет фестивали якунланди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида "Тошкент баҳори" IV халқаро опера ва балет санъати фестивалининг ёпилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари, санъат мухлислари, ёшлар таклиф этилди.

Мазкур ижодий лойиҳа бир неча йиллардан буён маданий соҳадаги алоқаларни тобора мустаҳкамлаш, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу йилги "Тошкент баҳори" фестивалида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон каби давлатлардан опера ва балет ижрочилари иштирок этди. Фестиваль кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида М.Бафоевнинг "Севгим самоси", Ж.Вердининг "Травиата", "Трубадур", Н.Римский-Корсаковнинг "Шоҳ қайлиғи", Ж.Пуччинининг "Богема" каби опералари намойиш этилди. Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ҳамда хорижлик опера ижрочилари иштирокидаги концерт дастури тингловчиларга кўтаринкилик, завқ, қалбларга жўшқинлик бахш этди.

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ёшлари иштирокидаги ҳисобот концертлари мамлакатимиз санъатнинг барча турлари каби рақс санъати соҳасида ҳам истеъдодларга бой эканини кўрсатди.

– "Тошкент баҳори" фестивали жуда юксак савияда, ижодий мулоқотларга бой тарзда ўтди, – дейди Озарбайжон давлат опера ва балет театри хонандаси, халқаро танловлар совриндори Афаг Аббосова. – Буюк ўзбек шоири номи билан аталувчи мазкур театрда мухлисларнинг санъат сеҳридан баҳраманд бўлиши, ижодкорларнинг самарали меҳнат қилиши учун яратилган замонавий шароитлар ҳавас уйғотади.

Фестиваль дастури мамлакатимиз ва россиялик балет ижрочилари иштирокидаги П.Чайковскийнинг "Оққуш кўли" балети намойиши билан ниҳоясига етди.

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
6 048






Все о погоде - Pogoda.uz