ЎзА Ўзбек

06.07.2018 18:38 Чоп этиш версияси

Мақом анжуманига иштирокчилар сараланмоқда

Мақом анжуманига иштирокчилар сараланмоқда
Ўзбек миллий мақом санъати марказида шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мақом санъати анжумани олдидан ижодий иш намуналарини кўриб чиқиш комиссиясининг навбатдаги йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланганидек, юртимизда маънавиятни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса, ёшларни миллий мақом санъатимизнинг нодир намуналаридан кенгроқ баҳраманд этиш, бебаҳо маънавий меросимизни муттасил тарғиб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 6 апрелдаги "Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида"ги қарори ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат туйғусини камол топтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Комиссияси аъзолари анжуманда иштирок этиш мақсадида хорижий давлатлардан келиб тушган ижодий ишларни кўриб чиқмоқда. Мақомот йўналишида фаолият олиб бораётган санъат намояндалари томонидан юборилган ижроларга профессионал ва холисона баҳо беришга жиддий эътибор қаратмоқда. 
Хусусан, халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этиш истагини билдирган АҚШ, Эрон, Италия, Афғонистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Исроил, Туркия, Бельгия, Германия ва Беларусь каби давлатлар олимлари, мусиқашунослари, ансамбллари вакиллари томонидан юборилган ижодий ишлар баҳоланиб, мақом ижрочилиги йўналишида фаолият юритаётган энг моҳир хонандалар номзоди саралаб олинмоқда.


Н.УСМОНОВА, ЎзА
16 902