Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 15:26 Чоп этиш версияси

Мўйқаламда аёл фалсафаси

Мўйқаламда аёл фалсафаси Пойтахтимиздаги “Autograph” санъат галереясида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан рассом Санжар Жабборовнинг “Аёл сеҳри” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди.

“Dinara&Co” нашриёт уйи томонидан ташкил этилган тадбирда санъатшунос олимлар, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, рассомлар ва тасвирий санъат ихлосмандлари иштирок этди.

Унда сўз олганлар мамлакатимизда тасвирий санъат ривожига қаратилаётган эътибор мусаввирларнинг ижодий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Иқтидорли мусаввир С.Жабборов шахсий кўргазмасини гўзал ва дилбар аёлларимизга бағишлаган. Унинг шу кунга қадар “Нотаниш”, “Соя ва нур”, “Ўрта Осиё ажойиботи” деб номланган асарлар тўплами мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган кўргазмаларда намойиш этилган.

Кўргазмада экспозицияга қўйилган чизмалар ёш ижодкорнинг олдинги ишларидан ранглар ёрқинлиги ҳамда улар холст ва акрилга мойли бўёқ билан сеҳрли реализм услубида чизилганлиги билан ажралиб туради.

– Мусаввирнинг ижодида аёллар образи асосий ўринда туради, – дейди рассом Диёр Розиқов. – Бугун намойишга қўйилган “Тикувчи”, “Балерина”, “Шляпалик хоним”, “Икки дугона” каби аёллар ҳолати акс эттирилган асарлари шу анъанавийликка асосланган. Шарқ миниатюра санъати техникалари билан қоришиқликда чизилган асарларда Шарқ ва Ғарбнинг нозик уйғунлигини ҳам кўриш мумкин.

Экспозициядаги аёллар талқини ва руҳий оламининг ўзига хос ва бетакрор ифодаси ҳар бир мухлисни фикр-ўйга, фалсафий фикрлашга ундамоқда.

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
3 932






Все о погоде - Pogoda.uz