Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 12:24 Чоп этиш версияси

Китоб – билим булоғи

Китоб – билим булоғи Мамлакатимизда мутолаа ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, китоб дўконлари савдосини кенг йўлга қўйиш, кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим омил бўлаётир.

Амударё туманидаги “Жайҳун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ташкил этилган кутубхона ана шундай эътибор самарасидир. Кутубхона фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант маблағи ҳисобига йўлга қўйилди.

– “Юксак маънавиятли авлод – юрт келажаги” лойиҳамиз учун ажратилган грант маблағи кутубхона ташкил этиш, китоб фондини бойитиб бориш ҳамда турли маънавий тадбирлар ўтказишга йўналтирилмоқда, – дейди "Жайҳун илҳомлари" нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Аҳмад Нафасов. – Кутубхонани миллий ва жаҳон адабиётининг сара асарлари билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Туман марказида ташкил этилган зиё маскани мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари билан гавжум. Ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларда мутолаа завқини уйғотиш, маҳалла ҳамда ҳар бир оилада китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида таълим муассасалари, олис қишлоқларда кўчма кутубхона ташкил этилиб, китоб сайллари ўтказилмоқда, китобсевар ёшлар муносиб рағбатлантирилмоқда. 42 ижодкор ёшнинг шеърлари сараланиб, “Жайҳун жилғалари” номи билан тўплам ҳолида нашр этилди.

Кутубхона фонди ҳомий ташкилотлар ва саховатли китобсеварлар ёрдами билан бойиб бормоқда.

– Зиё масканига шахсий кутубхонамдан 110 китоб совға қилдим, – дейди “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зебо Ражабова. – Бу хайрли ишни барча бирдек қўллаб-қувватлаб, ўз бисотидан турли тиллардаги бадиий ва илмий адабиётлар, рисолаларни туҳфа қилаётгани қувонарлидир.

Ёшлар маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилаётган кутубхона фондини 5 мингтага етказиш режалаштирилган.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
6 196






Все о погоде - Pogoda.uz