ЎзА Ўзбек

25.02.2019 Чоп этиш версияси

Хотин қизлар қўмитаси сериалларни тўхтатишга эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришга чақирди

Хотин қизлар қўмитаси сериалларни тўхтатишга эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришга чақирди

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижий сериалларнинг муҳокамалари қизғин давом этмоқда. Uza.uz сайти хорижий сериалларнинг эфирга узатилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан кенг жамоатчилик вакилларининг фикри-мулоҳазаларини давом эттиради. 

Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бу борадаги позицияси билан танишган эдингиз. Қуйида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг муносабатини ўқийсиз.

Мукаррам НУРМАТОВА, 
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
раиси ўринбосари:

– Хорижий сериалларни тўхтатиб қўйиш муҳим эмас. Хизмат юзасидан жуда кўп аёллар билан суҳбатлашаман, улар орасида сериал кўришни ўз ҳаётининг мазмуни ва мақсадига айлантирганлари ҳам учраб туради. Уларнинг фикрига кўра, шу кунларда телевидение орқали намойиш этилаётган тўрт хорижий фильмнинг эфир вақтини интиқлик билан кутишар экан. Албатта, хорижий сериалларни кўриш ёки бошқа кўрсатувларни томоша қилиш ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқи бўлиб, асосан унинг шахсий дунёқараши, маънавий эҳтиёжи, савиясидан келиб чиқади. Сериалларни тақиқлаб қўйиш ҳам мумкин, лекин томошабин истаса қайсидир сериални интернет орқали ҳам томоша қилаверади. Бироқ оилада, фарзандлар даврасида ўзбек менталитетига мос келмайдиган сериалларни кўриш ноўрин. Лекин биз қанчалик ҳаракат қилмайлик, барибир бундай сериаллар намойиш этилмоқда. Хўш, бундан қўрқиш керакми? Асло. Бутун дунёда сериаллар намойиш қилинади. Аввало, биз фарзандларимизни воқеликка мустақил, объектив, танқидий ва таҳлилий муносабатда бўлиб, ҳар қандай вазиятда тўғри хулоса чиқара оладиган қилиб тарбиялашимиз керак.

Бу эса яна таълим ва тарбияга, оилавий муҳитга бориб тақалади. Ёшлар нега ижобий эмас, салбий образдаги қаҳрамонларга эргашиб кетишмоқда. Демак, уларда шунга мойиллик бор. Бунинг олдини олиш учун ота-она фарзандининг кўпроқ китоб мутолаа қилишига эътибор қаратиши лозим. Кимнинг ўз фикри бўлмаса, бошқанинг фикрига эргашиб кетаверади. Дунёқараши тор, ўз фикри йўқ инсонни бошқариш осон. Шу сабабли, уларнинг маънавий оламини озиқлантириш керак. Дунёқараши кенг, ўз фикрига эга инсон фильмларнинг салбий қаҳрамонларига ўхшашни истамайди.

Назаримда миллий сериалларни кўпроқ яратиш, телеканалларда намойиш этиш зарур. Афсуски, ҳозирги миллий сериалларни мақтаб бўлмайди. Кўпроқ маиший масалалар атрофида бўлгани етмагандек, панд-насиҳатга кўп урғу берилган. Ёшларни руҳлантириб, уларга мотивация берадиган, олға интилишга ундайдиган сериаллар деярли йўқ. 

Бир сўз билан айтганда, гап хорижий сериалларда эмас, воқеликни қандай қабул қилишда. Шундай экан, сериалларни тўхтатишни эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришни ўргатайлик.

ЎзА мухбири Хуршид Қодиров
ёзиб олди

P/S: Мазкур мавзу юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ва бошқа мутасадди идора вакиллари ҳам ўз муносабатини билдирган. 

Кейинги мақоламизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг бу борадаги муносабатини ўқийсиз!

Сайтимизни кузатишда давом этинг!