ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Хоразмда “Озарбайжон маданият ва адабиёти кунлари” расман очилди

Хоразмда “Озарбайжон маданият ва адабиёти кунлари” расман очилди

Қадимий ва бой маданиятга эга Хоразм вилоятида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ва Хоразм вилояти ҳокимиятининг қўшма лойиҳаси асосида “Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари” ўтказилмоқда. Тадбир муносабати билан вилоятнинг йирик шаҳарларида Озарбайжонга тааллуқли баннерлар ўрнатилди. Тўрт кун мобайнида Озарбайжоннинг маданияти, унинг сайёҳлик салоҳияти, илмий ва адабий алоқаларига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди.

Маросимнинг расмий очилиши Урганч шаҳридаги Давлат мусиқали драма театрида ўтказилди. Дастлаб театр биносида “Бизнинг абадий дўстлигимиз” кўргазмаси, шунингдек, Озарбайжон миллий кийимлари модаси кўргазмаси ташкил этилди. “Қорабоғ Шикастаси” мусиқаси жаранги остида Урганч Давлат Университети талабалари Озарбайжоннинг, шу жумладан, Қорабоғ ўлкасининг миллий аёллар ва эркаклар кийимларини намойиш этишди.

Хоразм вилояти ҳокимияти вакиллари, Озарбайжонлик меҳмонлар, кўп сонли нуфузли меҳмонлар иштирок этган тадбирнинг расмий очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов сўзга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий муносабатлар, дўстона алоқаларнинг юксак ривожи ҳақида гапирар экан, кўҳна ва буюк маданиятга эга Хоразм вилоятида “Озарбайжой маданияти ва адабиёти кунлари”нинг очилиши катта байрам эканлигини таъкидлади. Вилоят раҳбари тили, маданияти, қадриятлари, дини ўхшаш бўлган Озарбайжон билан муносабатлар Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Бокуда Турк Кенгаши давлатлари раҳбарларининг саммити доирасида ўтказилган учрашувларни ёдга олар экан, у ўз навбатида Урганч ва Хивада Озарбайжон маданияти ва адабиётига бағишланган кўп сонли тадбирлар ўтказилганини таъкидлади.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасов ҳар йили Ўзбекистоннинг турли тарихий ва йирик шаҳарларида Маданият кунлари ўтказилаётгани ва бу тадбирларнинг мақсади ўзбек халқига озарбайжон халқининг бой маданиятини, меросини етказиш, икки томонлама дўстона алоқаларни ривожлантириш эканлигини тилга олди. Дипломатнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви чоғида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев халқларимиз ўртасидаги алоқалар тарих синовларидан муваффақиятли ўтганини, ўзбек ва озар халқлари асрлар мобайнида тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келгани, улар ўртасида қардошлик муносабатлари қарор топгани, мустақил давлатлар ўз келажакларини мустаҳкам, кўп асрлик тарихий пойдевор асосида қурганликларини таъкидлади. Халқларимиз ўртасидаги ўхшаш, умумий қадриятлар ҳақида сўзлар экан, Самир Аббасов Озарбайжоннинг қадимий манзилгоҳлари Гобустон ва Азих ғори, муғом ва ошуқ мусиқалари, Озарбайжон гиламлари дунёга унинг қадимий тарихи ва бой маданиятидан дарак беришини айтди.

2 899
ЎзА