ЎзА Ўзбек

13.05.2019 12:56 Чоп этиш версияси

Хоразм миллий бош кийимлари

Хоразм миллий бош кийимлари

Қадимдан кишилар урф-одати, сўзлашиш маданияти билан бир-бирларидан ажралиб турган бўлса, миллий кийимлар уларнинг қаердан эканлигини англатган.

Сурхонча либослар жилоси, рангдорлиги билан фарқланса, қорақалпоқча кийимлар одми ва оч ранглилиги билан ўзгача бўлган. Қадимдан Хоразмда оқ, қора ва кўк рангдаги кийимлар анча урф бўлиб, бош ва оёқ кийимлар ҳам шу рангларга мосланган.

– Хоразмда қадимдан либосларни дид билан кийиш алоҳида санъат даражасига кўтарилган, – дейди ҳунарманд Ойбиби Ҳосилова. – Ҳозирга қадар ҳам 80 дан ошиқ тўн ва хоразмча яктак, 50 га яқин бош кийим турлари сақланиб қолган.

Хоразмда қишки мавсумда кийиладиган бош кийим – телпак XX асрнинг 20-30 йилларигача анча урф бўлган. Кейинчалик ихчамлаша бошлаган. Бугун ҳам бош кийимлар даврга мослашиб, замонавий кўринишга эга бўлиб бормоқда. Қадимда воҳа телпаклари қандай матодан тикилганлигига қараб қоракўл, қундуз, тулки телпак, дея номланган. Ҳозир улар эски номлари билан эмас, асосан ранглари, шаклига кўра турлича аталади. Нархи ҳам мато ва тиниқ рангига қараб белгиланади.

Ҳудудда қишки бош кийимларидан бири – қулоқни ёпиб турувчи қулоқчин ҳам анча машҳур. Қулоқчин асосида чўлда кийиладиган икки ёнида офтобдан сақловчи махсус матоли бош кийимлар яратилган.

Чугурма эса хоразмликларнинг анча машҳур миллий бош кийимларидан. У чўққи шаклида бўлиб, ичига пахта солинади ва махсус ишлов берилади. Асосан қўй ва қоракўл терисидан тикилади, сўнг жўнларига дид билан безак берилади.

–Чугурмачилик қадим тарихга бориб тақалади, – дейди ҳунарманд Баҳодир Бекниёзов. –Бугун Ўрта Осиё, Озарбайжон ва Эронда Хоразм чугурмачилик маркази асосида шаклланган ҳунармандчилик тараққий этиб келмоқда.

Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлган чугурма яратилгандан буён кишини ҳайратга солади. Бугун Хоразмда дунё сайёҳлари ҳар доимгидан гавжум. Савдо расталарида юзлаб чугурма сотилади. Меҳмонлар имкон қадар уйларига чугурма олиб кетишади ва, албатта, Хоразмдан эсдалик сифатида уни кийиб суратга тушишади.

Дилобар МАМАТОВА, ЎзА
2 474