Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 18:48 Чоп этиш версияси

Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бошланди

Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бошланди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалнинг очилишида мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимиз, хусусан, миллий рақс санъатини ривожлантириш ва кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Фестивалда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан рақс гуруҳлари ва ансамбллари билан бирга, қатор хорижий давлатлардан келган санъаткорлар ҳам иштирок этмоқда. Ушбу тадбир юртимизда рақс ва хореография санъатини ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий рақс санъатимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

– Мен Хивада биринчи марта бўлишим, – дейди испаниялик сайёҳ Эва Алменар Ллоренс. – Эртакнамо бу шаҳар менга жуда ёқди. Айниқса, рақс фестивалининг очилиш маросимида Хоразм рақсларини кўриб, ҳайратим янада ортди, шундай рақси бор халққа ҳавас қилдим. Раққоса қизларнинг чиройли хиромлари ҳар қандай кишини мафтун этади. Тўғри, испан рақслари дунёга машҳур. Лекин ўзбек рақслари ғоят бетакрор ва жозибали экан.

2 (1).jpg

Хоразм рақсларида кўҳна замин тарихи, халқимизнинг ўзига хос анъана ва урф-одатлари акс этади. Шунинг учун рақс – сўзсиз қўшиқ, деб эътироф этилган. Хоразм рақсларини бир неча гуруҳга бўлиш мумкин. “Лазги”, “Қайроқ”, “Анахита”, “Зумлак” рақслари тарихий, “Сумалак сайли”, “Галин салом”, “Қизлар базми”, “Лачак” рақслари миллий урф-одатлар, “Этикдўз”, “Чўгирма”, “Сартарош”, “Қизлар баҳси” ва “Қумпишиги” рақслари турмуш тарзи акс этган рақслар гуруҳига киради.

Фестиваль доирасида рақс усталари томонидан турли мастер-класслар намойиш этилиб, ижодий учрашувлар, фольклор гуруҳлари ва ансамблларининг чиқишлари, анимацион шоулар, саҳналаштирилган томошалар, қўғирчоқ театрлари томошаси, ҳунармандлар кўргазмаси, миллий таомлар ва миллий либослар кўргазмаси, миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақалар, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси ҳамда “Ўзбекистон рақс санъати тарихи” фотокўргазмаси ўтказилади.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи И.Собиров сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА
5 015






Все о погоде - Pogoda.uz