ЎзА Ўзбек

11.07.2019 21:10 Чоп этиш версияси

Халқаро фестивалга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда

Халқаро фестивалга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда

Тошкент вилоятида “Мен Қўқон фестивалига бораман!” шиори остида ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси ўтказилди.

“Ҳунарманд“ уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда вилоятнинг 60 нафардан зиёд энг моҳир уста ва ҳунармандлари ўз ижод намуналари билан қатнашди.

– Ушбу тадбир жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтайди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Динмуҳаммад Машарипов. – Айни пайтда вилоятда 2 минг 200 дан зиёд уста ва ҳунарманд фаолият юритмоқда. Бундан 2 йил аввал уларнинг сони минг нафарга ҳам етмасди. Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари туфайли ушбу соҳа жадал ривож топмоқда. Қўқонда ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳам миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

14.JPG

Қибрай туманидаги Дўрмон маданият саройида бўлиб ўтган кўргазма-ярмаркада намойиш этилган миллий ҳунармандчиликнинг Тошкент вилоятига хос жиҳатларини акс эттирувчи ҳунармандчилик маҳсулотлари, айниқса, қибрайлик ва зангиоталик усталарнинг ёғоч ўймакорлиги, Оҳангарон воҳаси вакилларининг қуроқчилик борасидаги ижод намуналари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

– Болалигимдан уйдаги тикиш-бичишлардан қолган матолардан ўзим учун қўғирчоқ ясаб юрардим, – дейди зангиоталик Арофат Йўлдошева. – Оила қуриб, она бўлгач фарзандларимга, буни кўриб илтимос қилган қўни-қўшниларга ҳам шундай қўғирчоқлар ясаб бердим. Мен ясаган қўғирчоқлар табиий матодан тайёрлангани боис, гигиеник ва бошқа жиҳатдан болалар учун мутлақо хавфсиз. Айни шу жиҳати билан қўғирчоқларим тез орада машҳур бўлиб кетди. Талаб ва таклифлардан фойдаланиб, оилавий ҳунармандчиликни йўлга қўйдик. Миллий қаҳрамонларимиз образида яратилган бундай қўғирчоқларга юртимизга келаётган хорижий сайёҳларнинг қизиқиши юқорилиги боис, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларидаги муқаддас зиёратгоҳлар, сайёҳлар гавжум бўлган туристик марказларга маҳсулотимизни етказиб беряпмиз. Шунингдек, қўғирчоқнинг узун, қирқ кокил қилиб ўрилган сочи, атлас ва адрасдан тикилган миллий либоси, бошидаги дўпписи болаларга тарбиявий жиҳатдан ижобий таъсир ўтказиши сабабли, боғчалардан қўғирчоқларимизга талаб кўп.

15.JPG

20.JPG

А.ХУДОЙҚУЛОВ, О.ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА
5 498