Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 17:12 Чоп этиш версияси

Халқ амалий санъати дурдоналари

Халқ амалий санъати дурдоналари Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейида Ўзбекистон халқ амалий санъати усталарининг «Абадият жилоси» номли кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида миллий-маданий меросимиз, жумладан, ҳунармандликни янада ривожлантириш, халқ амалий санъати усталарининг меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони халқимизнинг қадимий ва ноёб маданиятини янада ривожлантириш, миллий ҳунармандлик маҳсулотларини кенг тарғиб этиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қўли гул усталарнинг нақшинкор гул композицияси, ганчкор устунлар, мураккаб геометрик усулдаги ўткир қиррали меҳроб аркаси, миллий чолғу асбоблари, кулоллик буюмлари – лаган, коса, гулдон, узоқ тарихдан сўзловчи миллий халқ ҳунармандлиги буюмлари ўзининг фусункорлиги, нақшлар жилоси билан иштирокчиларни ўзига тортмоқда.

– Миллийлигимизни ўзида акс эттириб турувчи халқ амалий санъати намуналари билан келажак авлодни таништириш биз усталарнинг олдимизда турган шарафли вазифалардан биридир, – дейди санъатшунос Саидахбор Бўлатов. – Эртамиз эгаларига аждодларимиздан мерос бу ҳунар сир-асрорларини ўргатиш, уларнинг ушбу ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш мақсадимиздир.

Мазкур кўргазмада йигирмадан ортиқ уста-ҳунарманднинг ганчкорлик, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, хаттотлик каби ишлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
1 565






Все о погоде - Pogoda.uz