Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 21:25 Чоп этиш версияси

Картиналарда йиллар ва йўллар

Картиналарда йиллар ва йўллар Борлиқ, табиат ва ҳаёт мусаввирни ҳар вақт чизишга ундайди. Бу учликни тасвирда ифода этиш учун у кунларни ойларга, ойларни йилларга улайди. Қарабсизки, йилларни бир-бирига туташтириб, чизмалар солномаси яратилаверади...

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида мусаввир Аҳмад Умаровнинг “Йиллар ва йўллар” деб номланган шахсий кўргазмасидан жой олган тарихий, манзара, портрет ва тематик мавзулардаги асарлари ҳам унинг кўп йиллик ижодий фаолиятидан сўзлаётганга ўхшайди.

Тасвирий санъат аҳли ва мухлислари жам бўлган ушбу тадбирнинг очилишида Аҳмад Умаровнинг ижодий фаолияти, яратган асарларидаги ўзига хослик ва мавзулар рангбаранглиги ёш ижодкорларга илҳом бахш этиб келаётгани ҳақида фикр юритилди.

Мусаввир А.Умаров Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида туғилган. У олий ўқув юртида бадиий графика йўналиши бўйича таҳсил олган. Ижодкор тажрибали устозлар ўгитларига қулоқ тутиб, ўз услуби ва йўлини топди. Мухлислар ва шогирдлар эътиборини қозонди. Рассом мамлакатимиз ва хорижда ўтказилаётган кўргазмалар иштирокчиси.

Кўргазмага қўйилган асарларни томоша қилар экансиз, улардаги тасвирлар жозибаси ва тиниқлиги сизни ўзига тортаверади. Мусаввир қўлидаги мўйқаламини у ён-бу ёнга тортиб, воқеликни борича бўёққа кўчириб қўйганига лол қоласиз. Унинг “Ялангтўш Баҳодир Шердор мадрасасининг қурилишида”, “Имом ал-Бухорийнинг Ҳартанг қишлоғига табаррук қадамлари”, «Улуғбек дарвозаси», “Широқ” каби тарихий мавзудаги асарлари барчанинг диққат-эътиборини тортади. «Кузнинг охирги куни», «Мусаффо тонг», «Манзара», «Ватан ҳақида баллада», «Умид дарахти», «Мангулик» сингари ижод маҳсуллари мусаввирнинг она табиатга, азиз гўшасига бўлган меҳр-муҳаббатининг ифодасидир.

– Рассом Аҳмад Умаров ўз касби ва ишининг фидойиси, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов. – Бу унинг мухлисларига тақдим этаётган ишларида янада яққол намоён бўлмоқда. Аҳмад ака тарихий мавзуларда ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг асарларидаги тасвирлар ҳаётий ва ҳаққонийдир.

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
2 894






Все о погоде - Pogoda.uz