Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 18:11 Чоп этиш версияси

Санъат мактаб-интернати ўқувчиларининг кўргазмаси очилди

Санъат мактаб-интернати ўқувчиларининг кўргазмаси очилди Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейида "Камалакнинг етти жилоси" деб номланган бадиий кўргазма ташкил этилди. Унда Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиларининг ижод намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Мамлакатимизда ёш авлодга замонавий билим бериш, уларни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, истеъдоди ва қобилиятини тўлақонли намоён этиши учун қулай шароитлар яратиш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда.

Кўргазма "Камалакнинг етти жилоси" деб номлангани бежиз эмас. Бу ерда мактаб-интернатнинг турли ижодий танловларда муваффақиятли иштирок этган етти нафар иқтидорли ўқувчиси чизган расмлар намойиш этилмоқда. Аббос Бобомуродов, Азиза Хўжатоева, Шаҳзода Султонова, Шаҳина Жўраева, Расул Озодов, Дима Юсан, Эрвин Сейтасановнинг рангтасвир, графикага оид расмлари мавзусининг ранг-баранглиги, болаларнинг бой ва беғубор хаёлот дунёсини тўлақонли акс эттиргани, она Ватанга, табиатга, борлиққа чексиз меҳр-муҳаббатга тўлиб тошгани билан кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бўлғуси мусаввирлар 5-синфдан бошлаб дастгоҳли рангтасвир, китоб графикаси, ҳайкалтарошлик, бадиий кулолчилик, дизайн каби йўналишлар бўйича сабоқ олиб, ўз соҳасининг билимдонига айланиши учун барча шароит яратилган. Ушбу билим даргоҳи ўқувчиларининг суратлари Ҳиндистон, Чехия, Польша, Япония, Хитой ва бошқа кўплаб хорижий давлатларда ўтказилган болалар бадиий ижодиётига оид халқаро кўргазмаларда муваффақият қозонган.

– Бундай кўргазмаларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий намунасидир, – дейди мактаб-интернат директори Соми Содиқов. – Бу эътибор болаларнинг астойдил изланиши, ижод қилиши, ўқишга бўлган қизиқишининг тобора кучайишида муҳим омил бўлмоқда.

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
2 523






Все о погоде - Pogoda.uz