ЎзА Ўзбек

18.05.2018 20:30 Чоп этиш версияси

“Кўзмунчоқ”нинг сирли ранглари

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг анъанавий “Кўзмунчоқ” болалар расмлари танлови ва кўргазмаси очилди.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун яратилган шароитлар уларнинг истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этишида муҳим омил бўлмоқда. Бунда “Кўзмунчоқ” болалар расмлари танлови ёш авлодни ижодкорликка, ўқиш ва изланишга ундашда янада кенг имкониятлар яратмоқда.

– Ўқув даргоҳининг 1-4 синфлари ўқувчиларига мўлжалланган танлов болажонларнинг бахту келажаги учун муҳим аҳамият касб этади, – деди Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори С.Содиқов. – Уларнинг шу танловга чиқишгача бўлган таълим жараёнида ўқитувчи, мутахассисларимизнинг меҳнати катта. Улар ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлайди, машғулот ўтказади. Албатта, истеъдодни меҳнат юзага чиқаради. Бу устоздан ҳам кўпроқ шогирднинг иқтидорига боғлиқ. Тафаккур олами ва борлиқни қай даражада талқин қилиш ва тасвирга тушириш шу иқтидорда намоён бўлади. Тасвирий санъатга бўлган қизиқиш ва истеъдодини намойиш этиш мақсадида ташкил этилган мазкур танлов-кўргазмага қатнашиш иштиёқи баланд ўқувчиларнинг сони йилдан-йилга ошаётганидан жуда хурсандмиз.

Бу йил олтинчи бор ўтказилаётган танлов-кўргазмага ўқувчилар тақдим қилган 130 дан ортиқ ижодий иш “Сара иш”, “Энг яхши бадиий фантазия”, “Энг яхши маҳоратли графика иши”, “Энг ёш рассом" номинациялари бўйича баҳоланди.

– Танловда “Опа-сингиллар” деб номланган ишим билан қатнашдим, – деди мактаб-интернатнинг 1-синф ўқувчиси Муниса Абдуқаҳҳорова. – Расм солиш жону дилим. Бугун мен “Энг ёш рассом” йўналиши бўйича ғолиб бўлдим. Келажакда таниқли рассом-дизайнер бўлмоқчиман.
Барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
8 616