ЎзА Ўзбек

08.07.2019 12:09 Чоп этиш версияси

Қизилчалик ўспириннинг изтироблари

Қизилчалик ўспириннинг изтироблари


Йўқ бу сафар биз киноя қилаётганимиз йўқ. Бунга бизда етарлича асос бор. Тўғри, у ҳам ўспирин, бунинг устига изтироб чекади. Лекин сизга ким айтди изтироб маълум бир қавм ёки бир давр учун, деб. У умумбашарий ва абадий эмасми?! Қолаверса, унинг изтиробларини пакана, аммо буюк Бонапартдай саркарда ўзининг оқ чодирида чалқанча ётиб уч, тўрт бора қайта ўқиб таъсирланмайди. Давр, сифат, сентиментал кайфиятлар орасидаям фарқ жуда катта. Фақат аллақандай ўхшашлик бор. Балки, бу изтироб чека олиш қобилиятидир.

Хуллас, улар бир-бирига ўта зиддиятли ва айни пайтда ҳайратланарли даражада ўхшашдир. Киноя эса… Киноя бошқа давранинг ўйини. У қорни ярим тўқ, қулоғи ярим тинч, одамлар ўйлаб топган санъатдир. Киноя — инсоният тажрибасидаги энг махфий қуролдир. Дейлик, уни қўлингизга кўтариб юрганингиз учун таъқибга учрамайсиз. Худди хўжасини ўлдиришга кетаётиб қўлига гул кўтарган қулга қарагандай қарайди сизга. Ва, ниҳоят киноя ҳақиқатга даъватдир. Ва ниҳоят, киноя дор тагида турган онасига интилаётган гўдакдир. Буюк киноя — жажжи изтиробнинг боласи. Лекин изтироб — киноя эмас. “Гўё Исо рус қишлоғига келиб қолса қизлар уни калака қиладигандай хавотирланади”ган Лев Толстой изтиробга эмас, бутун рус ҳаётига киноя эди.

Микеланжело, Данте, Навоий, Соҳибқирон Темур, буюк Цезарь бу инсониятнинг инсониятга атаган аччиқ киноясидир. Шу жумладан, “Ёш Вертер” ҳам киноя. Бизга, сизга, унга ва жамики юраги тош қотган, кўзини ёғ босган оломонга аталган киноядир.

ЦИВИЛИЗАЦИЯ ВА САНЪАТ

“Инсоният минглаб йиллик тарихи давомида эришган цивилизациялар ўз-ўзича, осонгина йўқ бўлиб кетмайди”, деган эди француз олимларидан бири. Ҳар ҳолда “цивилизация” сўзининг луғавий маъноси ижтимоий тараққиёт босқичида эришилган моддий ва маънавий маданият босқичи: маданий тараққиёт эканлигини назарда тутсак, файласуфнинг жўн башорати ғашимизга тегмайди. Ҳар ҳолда биз бугун бўри овлаш учун қўлида тош найза кўтариб яланғоч ҳолда чопиб юрган овчини учратмаймиз. Ёхуд, ўз асарини товуқ ёки курка пати билан битадиган адиб танишимиз йўқ. Албатта, оддий курка патига бугунги ёзув машиналари-ю, компьютерларнинг ҳеч қандай дахли йўқ. Бунинг барчасига ўша цивилизация айбдор. Одамлар бугунгидай ижтимоий фаровон ҳаётга ҳам цивилизация орқали эришдилар.

Бугун ер юзининг у бурчагидан туриб “бизга эрк беринг” дея ҳайқираётган қора танли “биз цивилизациядан итқитиб ташланганмиз” дея ўйлар экан, мутлақо янглишади. Чунки цивилизация шундай кучки, қавм танламайди. У кенг бир ялангликка қўниб, муттасил ўзини заррин нурларини таратиб туради. Инсоният эса ўзи кашф қилган бу нурлардан баҳра олиб яшайди. Даврлар оша ижтимоий тараққиёт сари силжийди. Лекин маънавий ва маданий тараққиёт деган иборалар хусусида бироз ўйлаб кўришга тўғри келади. Албатта, маданий тараққиёт деганда антик даврдаги уятини ўт-ўлан билан ёпиб юрган одам билан бугунги пахта толасидан шим кийиб юрган одамнигина қиёслаш ниҳоятда кулгилидир. Чунки улар, иккаласи ҳам бир йўналишда, уятини яширишда айбланади айблансаям. Кўриниб турибдики, бу икки давр одами орасида ижтимоий тараққиётни ҳисобга олмаганда деярли фарқ йўқ. Шу борада маънавий тараққиёт дейиш ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки, бу ибора ўз-ўзидан шеъриятда ёки тасвирий санъатда тараққиёт деган ахмоқона тушунчани келтириб чиқаради. Мабодо бу тўғри бўлганда эди, бугунги кунда ҳеч ким Навоийнинг ёки Софоклнинг ўлмас бадиятидан завқ олмас ёки Леонардо да Винчи асарларидан таъсирланмасди. Бу нарсанинг битта қамрови мавжуд, бу санъатдир. Ҳар ҳолда, бугунги кунда бу ибора ҳуда-беҳуда жойларга ишлатилаётган эрса-да, унинг ҳақиқий соҳиблари мавжуд. У асло цивилизацияга тобе эмас. Бугунги куннинг бир-иккита нозик таъб кишиси бу мулкка “соф” деган сўзни қўшиб ишлатар экан, албатта бу санъатнинг эмас, инсониятнинг қусуридир.

ЯНА САНЪАТ ҲАҚИДА

Қадимдан “Сулаймон ўлиб девлар қутулди” деган нақл бор, бироқ бу нақл қайси Сулаймонга тегишли. “Ҳар қандай янгилик унутилган эскиликдир” дея пинҳона башорат қилиб, бу жаҳондан мўминларча қочиб кетган Сулаймонгами...

Ҳар қалай у кетиб тўғри қилмаган экан. Чунки, бироз давр ўтиб бир ёзувчи унинг сирини бутун жаҳонга ошкор қилди. “Бу нақл мутлақ Сулаймонга тегишли” деди у ва ҳатто асослаб берди. Лекин Сулаймоннинг бу хусусияти суяк сурган эканки, асримизнинг бошларида яҳудий экспрессионист ёзувчи Франс Кафкаям ўртоғи — ёзувчи Макс Бродга ёзган асарларини ёқиб юборишини васият қилди.

Афсуски, худо урган Макс (Адабиётчилар бу ҳодисани “бахтимизга” деб атайдилар) Франснинг совиб бораётган қўлларини ушлаб туриб алдади. “Хўп” деди ва уни тупроққа қўйиб босмахонага чопди. Бу икки кўринишда ҳам шон-шуҳратдан бош олиб қочишга уриниш яққол сезилса-да, сен бу ҳодисаларни оддийгина такаббурлик деб ўйлайсан. Сенингча, гўё Сулаймон ўша афоризмни тўқиб икки бора шуҳрат қозониш учун бирон яқинига “Мен ўлгач овоза қилинглар” дея, Кафка эса, дўстига васият қилиб уни тобутда кузатиб ётгандек. Чунки сен “Санъат — санъат учун” деган ақидага мутлақ қаршисан. Мабодо Макс уларни ёқиб юборганда нима бўларди — деб ўйлайсан бу ақидага қарама қарши. Деярли ҳеч нарса, фақат адабиётда Кафка деган ном бўлмасди. Кўриниб турибдики, санъат инсонларсиз ҳеч нарсага арзимайди. Сен энди баралла шоирнинг Рюноскэга қарама-қарши айтган (У шўрлик бир замонлар инсон умри Бодлернинг бир сатригаям арзимайди, деб ёзган эди). “Санъат — санъат учун” деган ибора худди гул-гул учун дегандай кулгили туюлади менга” деган гапини маъқуллайсан. Лекин туйқусдан санъатнинг оми халқ учун эмаслигини, унинг ниҳоятда илоҳий қудратини ҳис этасан. Кўп ўтмай газетада Кафканинг машҳур “Очлик устаси” номли новелласига ёзилган шарҳни ўқийсан.

“Ҳикоя қаҳрамони ўз очлигини намойиш этиб, оломонни қойил қилиши лозим — бу томошабинлар талаби. Уста учун эса, очлик ўйин ёки эрмак эмас, балки санъатдир. Яъни у ўз санъатини оломон учун эмас, оломон ичидаги бир-икки нозик таъб мухлислар учун кўрсатяпман, деб ўйлайди. Уста учун ўртамиёна “ихлосманд”ларнинг билдирган ҳамдардлиги — завқ-шавқи мукофот бўлолмайди.

Навоий зикр этганидек:
Мени мен истаган
суҳбатига аржуманд
этмас.
Мени истар кишининг
суҳбатини кўнглим
писанд этмас.

Айниқса, очлик жараёнини кузатиб турадиган назоратчилар Устага “имтиёз бераётгани”да у чидаб туролмайди. Назоратчилар Устани жўрттага ўз ҳолига қўйиб берадилар. Атайин кузатмайдилар, унинг ўз вазифасини нақадар холис бажараётганини кўришга интилмайдилар.

Майли, деб ўйлайди Уста, назоратчилар кўрмаса-кўрмас, мен уларсиз ҳам ўз санъатимни мукаммал намойиш этавераман, аммо бу мўъжизани кўриб, уни холис баҳолашга қодир инсон ким?

Унинг туртиб чиққан қовурғаларини санаётган, очликнинг чинлигини текшириб кўраётган авом томошабин Устани қизиқтирмайди. Бу очлик ҳақида ёзилган мадҳу санолар ҳам унга керак эмас, Бу санъатни тушунтиргувчи фалсафий рисолалар ҳам Устани қувонтира олмайди. У териси суягига ёпишиб, кўзлари ботган, “пуф” деса учиб кетадиган рамақижон мавжудотга ҳайрат-ла боқувчи оломонни эмас, балки шу мавжудот ичида милтиллаётган ёрқин бир фикр, худди рассомнинг тортган матоси каби топ-тоза, ўз нури билан фақат ўзидан чиқараётган нур билан ёпишиб турган фикрни, турмуш хом ашёларига булғанмаган фикрни кўришга қодир инсонни орзу этади. Ниҳоят, бу орзу ҳам унга кулгили кўрина бошлайди. Ҳатто орзу ҳам тамаъгирлик бўлиб туюлади. Уста сўнгги илинжидан ҳам воз кечиб, мутлақ мукаммалликка юз буради — ўлади. Унинг муштдай жасади ётган бир сиқим похол олтин булутдир. Бу олтин булут узра ётган Уста оломон устидан мангу кезиб юради.

Уста — соф санъатнинг арвоҳидир. У санъатнинг ўзидан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарсага хизмат қилмайди”.

МУТОЛАА

Ҳар сафар мутолаага ўтирар экансан, бир нарса ҳақида, мени нима кутаётган экан, дея ўйлайсан. Кенг пешонангни зарбга ҳозирлаб, кўзларингни юмиб, энтикиб турасан. Бу вақтда сенга машҳур шоирнинг “Адабиётнинг вазифаси одамларга ақл ўргатиш эмас” ёхуд “Одам афоризмларни ёдлаб ақлли бўлмайди. Чунки афоризмлар тажрибанинг суратларидир”, деган эслатмаси унут бўлади. Сен кўр-кўрона ўзингдан жамики ижобий хусусиятларга чизиқ тортиб, яп-яланғоч ҳолда китобга шўнғийсан. Ана шунда сен кутган мўъжиза рўй беради. Пиёладай-пиёладай кўзларингни тикиб турган сатрларинг ниҳоят ўрнидан туради. Қўлларини кериб узоқ эснайди-да, у ёқ-бу ёққа аланг-жаланг қараб олади, қўққисдан унинг кўзлари сенга тушиб қолади. Лекин у таажжубга тушмайди. Чунки, у сендан олдин ҳам сенга ўхшаган бир нечта ғоявий бузуқни “одам” қилиб улгурган бўлади.

— Пешонангни тут — дейди у. Сен имраниб пешонангни тутасан. Шундай улуғ бармоқларнинг ифорини кўзингни очмасанг-да ҳис қилиб, сезиб турасан. Шу пайт тиқ этган овоз чиқади. Бу сенинг пешонангдан таралган садо бўлади. Аслида буни садо демаса ҳам бўлади. Чунки у ошқовоқни урганда чиқадиган товушдай жуда қисқа ва танбал бўлади.Сен пешонангдан норози бўлиб бурнингни тортасан. Китобнинг афти бурушаётганини ҳис қиласан. Қулоқларингни динг қилиб тингламоққа шайланасан. Ниҳоят, у хоҳламайгина сўз бошлайди.

Сен бола, ота-онангни ҳурмат қил.

— Ҳурмат қиламан-ку, ахир — дейсан сен холсизгина.

— Жуда яхши, — дейди у. Унда севган қизингни ҳеч қачон ташлаб кетма, уқдингми?! Чунки, муҳаббат жуда буюк қудрат, муҳаббат бу... Муҳаббат..

— Нима муҳаббат — дейсан шошиб.

— Муҳаббат, муҳаббатда, — дейди у тутақиб.

— “Ижтимоий проблема” деган иборани эшитмаганмисан, — дейди у яна. Сен, “ҳа” жавобини қиласан.

— У бизнинг ёлғиз ёпинчиғимиздир. Мисол учун бир боланинг ичидан қон ўтди. Бунинг сабаби нима? Дориланган далада пахта терганида, албатта. Ёхуд Ҳалим чавандознинг ўлимига нима сабаб бўлди?! Сен ҳеч ўйлаб кўрганмисан, уйидан икки оёқда чиқиб кетиб, ўлик қайтишнинг нақадар даҳшатлигини?! Ўйлаб кўрганмисан? Биз эса ўйлашимиз керак. Ўйлагандаям авом халқ тушунадиган қилиб ўйлашимиз ва баён қилишимиз керак. Чунки биз халқни тарбияламоғимиз, ёмон йўлдан қайтариб, яхши йўлга бошқариб туришимиз керак. Дарвоқе, чалғиб кетибман, ўша чавандознинг ўлимига тракторнинг зинаси сабаб бўлган эди. Зина яхши тортилмаганиданми, жойидан қўзғалиб кетган чавандоз мункиб бошини трактор темирига уриб олган, оқибатда... У суқротона бошини ирғаб тин олади. Бундан фойдаланиб тезда уни ёпиб қўясан. Сен сарфлаган вақтингга, умрингга ачинасан. Пешонангда турган оғриқдан юзингни тириштириб ўзингни ойнага соласан. Пешонангдаги саноқсиз ғуррачаларни кўриб хомуш тортасан. Пешонангни силаб, қаршингда ухлаётган укангнинг топ-тоза силлиқ пешонасига кўзинг тушиб “пешонангни торт”, дея беихтиёр бақириб юборасан.

Ўрол Содиқ. 1993 йил “Халқ Сўзи” газетаси


ЎзА
5 028