Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 11:44 Чоп этиш версияси

“Ижара учун уй” асари ўзбек ва рус тилларида

Леа Гольдберг – Исроил болалар адибаси. У нафақат Исроилда, балки бошқа давлатларда ҳам ёзувчи, шоира, таржимон ва адабиёт мутахассиси сифатида танилган машҳур ижодкор эди. Унинг “Хаёлий саргузаштдан хатлар”, “Бу ҳам бир шамчироқ”, “Қаср соҳибаси” каби қисса, ҳикоя ва эртаклари ёш китобхонлар қалбидан чуқур жой олган.

У А.Гриннинг “Алвон елканлар”, В.Катаевнинг “Оқариб кўринади ёлғиз елкан”, М.Горькийнинг “Болалик” асарлари, М.Пришвин ҳикоялари, К.Чуковский, С.Маршак шеърлари, ака-ука Гримм эртакларини ўз она тилига таржима қилган.

Адиба етти тилни билган. “Ижара учун уй” шеърий эртаги Леа Гольдбергнинг энг машҳур асари. У кўп тилларга таржима бўлган. Яқинда адибанинг мазкур асари ўзбек ва рус тилларига таржима қилинди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган тадбир Леа Гольдбергнинг “Ижара учун уй” (“Сдаётся квартира”) китоби тақдимотига бағишланди. Тадбир Миллий кутубхона ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кутубхона директори А.Абдуазизов, Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кармела Шамир ва бошқалар Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидлади. Ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир ҳам бундай эзгу ишларнинг амалдаги натижаси сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Тақдимотда ёш китобсеварлар томонидан “Ижара учун уй” эртагидан саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар намойиш этилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 449






Все о погоде - Pogoda.uz