Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 19:25 Чоп этиш версияси

Илм-маърифат, санъат ҳомийлари

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунларига бағишланган маърифий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирга навоийшунос олимлар, педагоглар, рассом ва ҳунармандлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Институт проректори Д.Раҳматуллаева ва бошқалар буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси жаҳон адабий, илмий-маърифий тараққиётида алоҳида аҳамият касб этиши билан бирга ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат, ибратли анъаналаримизга ҳурмат руҳида камол топтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлод маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини янада ошириш, миллий адабиётимизга эътибор ва ғамхўрлик борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар аллома боболаримиз меросини чуқур ўрганишда янги босқични бошлаб берди.

Навоий ва Бобур сўз санъати билан биргаликда фалсафа, тасвирий санъат, хаттотлик, китобат санъати, меъморлик, шаҳарсозлик равнақига, эл-юрт маъмурлиги, фаровонлигига катта ҳисса қўшган. Қалам аҳли билан бирга рассомлар, уста ва ҳунармандлар, олимлар, билимга чанқоқ ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, илм ўрганиш йўлидаги интилишларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Ўз даврининг етук санъаткорлари, мусаввир ва хаттотлари каби Беҳзоднинг ижодий камолотида ҳам Алишер Навоийнинг маънавий кўмаги муҳим аҳамиятга эгадир. Бу жиҳатлар шоир боболаримиз қолдирган ижодий мерос, тарихий манбалардан яхши маълум.

Кечада Навоий ва Бобур ижодий меросининг бой ва бетакрорлиги, асарларида улуғланган ғояларнинг тарбиявий аҳамияти хусусида сўз юритилди. Институт педагог-рассомлари ва талаба-ёшларнинг тарихий мавзудаги асарларидан иборат бадиий кўргазма ташкил этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 335






Все о погоде - Pogoda.uz