Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 18:57 Чоп этиш версияси

Илҳом бағишлайдиган тарихий воқеа

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир" номли маърузасини тинглаб...

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз ижод аҳли ҳақиқатан тарихий воқеа иштирокчиси ва гувоҳи бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашуви иштирокчиларга янгидан янги ижодий муваффақиятларга эришиш учун илҳом бағишлади, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди, десам ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Мусиқа санъатида "ауфтакт" деган тушунча бор. Яъни дирижёр ижрони ифода этувчи қўл ҳаракати билан оркестр жамоасининг ижро суръати ва оҳангини бошқаради, товушлар уйғунлигини таъминлайди. Президентимиз раҳбарлигини ҳам, ҳеч бир муболағасиз, ушбу тушунча билан ифодалаш мумкин. Давлатимиз раҳбари ўз тажрибасида мамлакат миқёсидаги кўплаб муаммолар аҳамиятини яхши англаган ҳолда, нафақат уларнинг олдини олиш, балки келгусида юзага келишига ҳам йўл қўймаслик йўлларини изламоқда. Буларнинг барчасини мамлакатимиз кундалик ҳаётида, ҳар куни рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларда ҳис этиб турибмиз.

Французларда "келажак ўтмиш елкасида" деган мақол бор. Мамлакатимизда янги ҳаёт қуриш пойдевори Биринчи Президентимиз Ислом Каримов юритган доно ва оқилона сиёсат самарасида мустаҳкамланиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ушбу кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш жараёнида кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тинчлиги, аҳиллиги, жипслиги таъминланмоқда. Бу эса нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маданият ва санъат соҳасини ҳам янада юксалтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон маданияти азалдан иккита муҳим омилга таянган. Биринчисини халқимизнинг қадимги анъана ва урф-одатлари, мустаҳкам миллий қадриятларимиз ташкил этса, иккинчиси бу кенг кўламли ўзгаришлар, жаҳон маданияти ютуқларидан ўрнак олишдир. Мусиқа, театр, рассомлик, шеърият, адабиёт соҳасида кўплаб улкан ютуқларга эришилаётгани ҳам ушбу икки омил самарасидан далолат беради.

Президентимизнинг Ўзбекистонда санъат бизнесга айланмаслиги шартлиги ва бунга ҳеч қачон йўл қўйилмаслиги ҳақидаги фикри алоҳида аҳамиятга эгадир. Турли давлатлар санъатида рўй бераётган кўплаб салбий ва самарасиз жараёнларни кузатар эканман, Ўзбекистон санъатининг қадимги манбалари пишиқ ва бенуқсон экани, уларга инсонпарварлик руҳи сингдирилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Театрларимиз саҳнасида маънавиятимиз ютуқларини инкор этиш, ўзбек ва жаҳон санъатининг серқирра образларини бузиб кўрсатишга уринишлар бўлмагани ва йўқлигини мамнуният билан қайд этиш зарур. Бу санъатимиз ва маданиятимизнинг улкан ютуқларидан биридир. Президентимиз ҳам ўз маърузасида ушбу ютуқ ва ўзгаришлар бардавом бўлиши ҳақида гапирди.

Давлатимиз раҳбарининг теран мазмунли маърузаси ва, умуман, саъй-ҳаракатларида кўҳна ва саховатли заминимизда санъат ва маданиятни ривожлантириш ҳақида алоҳида ғамхўрлик қилаётганини ҳис этиш мумкин. Бу борада опера ва балет санъатини алоҳида таъкидлашни истардим. Ҳар қандай мамлакатда опера ва балет нафақат санъат ва ижоднинг муҳим шакллари, балки мамлакатлар ва халқлар ўртасида ўзига хос халқаро мулоқот тили ҳисобланади. Ўз миллий санъатида ушбу жанрларга эътибор қаратаётган мамлакат ва халқ маданий тараққиёти юксаклигини тасдиқлаши мумкин. Ўзбекистонда опера ва балет санъати буюк анъана ва чуқур тарихга эга бўлиб, бир неча ўн йиллардан буён муваффақиятли ривожланиб келмоқда.

Президентимиз архитектура дурдонаси бўлган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри биносини қайта тиклаш учун қанча куч сарфлагани ва ғамхўрлик кўрсатганини яхши англаймиз. Айнан мана шу саъй-ҳаракатлар самарасида театрнинг опера ва балет труппалари замонавий техник имкониятлар яратилган янги бинода муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Халқаро лойиҳалар кенгайиб, жадал ривожланиб бораётганини ҳис этмоқдамиз. Масалан, "Тошкент баҳори" фестивали, афсонавий Андреа Бочели гастроли, жаҳонга машҳур Анна Нетребко концерти ва бошқа кўплаб тадбирлар муваффақият билан ўтказилди. Президентимиз ижодкор зиёлилар билан тарихий учрашувда Ўзбекистон маданияти ва санъатининг яна кўплаб жиҳатларига алоҳида эътибор қаратгани кишини қувонтиради.

Учрашувда мавжуд кўплаб муаммоларни ҳал этиш ҳақида сўз юритилди. Жумладан, театр ижодий ходимларига янги квартиралар берилиши, штатдаги артистлар, кейинчалик эса шартнома асосида таклиф этиладиган хонандалар учун хизмат квартиралари кўзда тутилган алоҳида уй қурилиши, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг истеъдодли ёш ижодкорларнинг уй-жой билан боғлиқ масалалари ҳам ижобий ҳал этилиши ҳақида айтган гаплари бизни ниҳоятда қувонтирди. Президентимиз ўз маърузасида санъат ва маданият соҳасининг истеъдодли намояндаларини моддий рағбатлантиришдек муҳим муаммо ҳақида ҳам тўхталди.

Давлатимиз раҳбарининг филармония фаолиятини қайта йўлга қўйиш, тарихий бинода концерт залини қайта тиклаш, шунингдек, замонавий зал қуриш ҳақида айтган гапларидан хурсанд бўлдик.

Молиявий инвестициялар масаласи театримиз олдида турган муҳим масалалардан биридир. Бутун дунёда ҳеч қандай опера ва балет театри ўз меҳнати харажатларини қоплай олмайди. Негаки, бу жараёнга катта жамоалар, декорациялар, либослар ва ёритиш чироқларининг жалб этилиши катта маблағ талаб қилади. Президентимизнинг бундан буён ҳар бир театрнинг ўз ҳомийси бўлиши ҳақида айтган гаплари қувонарли воқеа бўлди. Энди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бизга ҳомийлик қилади. Бу янги саҳна асарлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда замонавий декорациялар, махсус эффектлар, сифатли мебель ва реквизитлар, либослар, грим ва театр учун бошқа кўплаб зарур нарсаларга эга бўлишимизни англатади. Бу эса, ўз навбатида, спектаклларимиз савиясини ва уларни томошабинларнинг қабул қилиш даражасини тубдан ўзгартиради. Ўзбекистоннинг барча театрлари бундан буён ўз ҳомийларига эга бўлади.

Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувининг, таъбир жоиз бўлса, мутлақо янги "жанри"ни ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Бу учрашув нафақат чин дилдан ўзаро суҳбат ва фикр алмашиш, балки давлатимиз раҳбарининг бунёдкорлик сиёсати амалда ўз ифодасини топаётганининг тасдиғи бўлди. Президентимиз фақат залда ўтирганлар билан эмас, балки видеоселектор алоқа орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудлари билан мулоқот қилди. Кўплаб муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларнинг таъсири ва шиддати, Президентимиз айтган гапларнинг долзарблиги, янги режа ва ғоялар, уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлларининг намойиши чуқур таассурот қолдирди.

Учрашувда Президентимизнинг ижод йўналишидаги олий ўқув юртларида ўқитиш жараёнини ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги фикрлари ҳам жуда долзарб ва ўз вақтида айтилган гаплардир. Давлатимиз раҳбари ҳақиқий истеъдодли ёшлар ҳар доим ҳам талабалар қаторидан ўрин олмаётгани ва етук ижодкорни тарбиялаш жараёни алоҳида эътибор талаб қилиши ҳақида куюнчаклик билан гапирди. Маданият вазирлиги фаолиятини кенгайтириш, ижодий уюшмалар ролини фаоллаштириш, айниқса, Театр арбоблари уюшмаси фаолиятини қайта тиклашга катта эътибор қаратилгани бизни жуда қувонтирди. Президентимизнинг санъатда халқимизнинг буюк сиймолари образи ишончли ва ҳаққоний очиб берилиши кераклиги ҳақидаги фикрлари ҳам руҳимизни кўтарди. Мухтасар айтганда, ижодкор шахс – актёр, режиссёр, рассом, бастакор, ёзувчи, яъни “жамият тафаккурининг эгалари” диққат марказида бўлди. Ёшлар шу даражага кўтарилиши учун тинимсиз меҳнат қилиши, ўз устида мунтазам ишлаши, миллий ва жаҳон маданиятининг ҳақиқий дурдоналари ва ютуқларини тушуниб, англаб етиши зарур.

Мамлакатимиз Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Биз чиндан ҳам эртанги кунга умид ғайратимизга ғайрат, кучимизга куч бағишлайдиган ажойиб даврда яшаяпмиз. Ишончим комилки, нафақат мен, балки учрашув иштирокчиларининг барчаси ўзида кўтаринки кайфиятни, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига, порлоқ ва буюк келажагимизга ўз ҳиссасини қўшишга интилиш туйғуларини ҳис этди.

Андрей Слоним,
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон
давлат академик Катта театрининг
саҳналаштирувчи режиссёри,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби.

ЎзА
3 883






Все о погоде - Pogoda.uz