Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2018 23:00 Чоп этиш версияси

Ҳикматларга йўғрилган қўшиқлар гулдастаси

Ўзбекистон давлат консерваториясида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунлари муносабати билан назм ва наво кечаси бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, миллий адабиётимизга эътиборни янада кучайтириш, улуғ алломаларимизнинг бой ижодий меросини ўрганиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бу жиҳатлар миллий адабиётимизнинг улуғ намояндалари ижодини пухта ўрганиш, уларнинг асарларида тараннум этилган ғояларни ёшлар онгига сингдиришда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг маънавий мероси адабиёт, мусиқа, театр, тасвирий санъат соҳасида фаолият кўрсатаётган ижодкорлар учун ҳамиша битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб келган. Ҳар икки шоир ғазал ва рубоийлари асосида яратилган қўшиқлар халқимиз қалбидан чуқур жой олгани, ҳикматларга бойлиги, улкан тарбиявий аҳамияти, она тилимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларига йўғрилгани билан ҳам ғоят қадрлидир.

Назм ва наво кечасининг асосий иштирокчиси – Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси Ғанижон Тошматов номидаги "Дуторчилар" ансамбли репертуарида Навоий ва Бобур сўзи билан куйланувчи қўшиқлар салмоқли ўрин тутади. Қалбга сокинлик, ором, руҳий қувват бағишловчи бу қўшиқлар ансамбль иштирокчилари томонидан Германия, Франция, Бельгия, Нидерландия, Япония каби давлатларда бўлиб ўтган "Ўзбекистон кунлари" маданий тадбирларида, Наврўз айёмига бағишланган мусиқий анжуманларда ижро этилган. Халқимизнинг миллий руҳи, ўзлиги, маънавиятини акс эттирган ушбу қўшиқлар хорижлик санъат ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотган.

Тадбирда аллома боболаримизнинг ғазал ва рубоийлари асосида яратилган қўшиқлар "Дуторчилар" ансамбли ижросида янгради.

Назокат Усмонова, ЎзА
8 697