ЎзА Ўзбек

30.06.2019 09:49 Чоп этиш версияси

Иброҳим Абдураҳмонов: Ўзбекистонда янги ғоялар, ёш мутахассислар, ижодкорлар ва новаторларга эҳтиёж катта

Иброҳим Абдураҳмонов: Ўзбекистонда янги ғоялар, ёш мутахассислар, ижодкорлар ва новаторларга эҳтиёж катта

30 июнь – Ёшлар куни

Ёшлар куни – бу бутун юртимизнинг байрами, ёшлик эса ҳар бир одам ҳаётининг энг ёрқин, эсда қоларли палласи. Айнан шу даврда умр йўли танланади, орзу-умидлар билан буюк режалар тузилади, ҳали синалмаган кенгликлар сари дадил қадамлар ташланади.

Илм-фан ва технологиялар шиддат билан ривожланаётган давримизда Ўзбекистонда янги ғоялар, ёш мутахассислар, ижодкорлар ва новаторларга эҳтиёж катта. Айнан шунинг учун ҳам давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бу ёшларнинг илмий, ижодий салоҳиятини очиш, ривожлантиришга кўмак бериш, шунингдек уларга тўпланган тажриба ва билимларни етказишдан иборатдир.

Президентимизнинг беш ташаббуси бўйича амалга оширилаётган ишлар ёшларни санъат ва маданиятга ошно этади, соғлом ва жисмонан бақувват бўлишлари учун замин яратади, замонавий технологиялар орқали билимларини оширишга имкон беради. Ҳамиша навқирон бўлишнинг сири – китобхонликда! Мутолаани севувчи инсон ҳамиша ёш бўлиб қолади, негаки кексалик миянинг қаришидан бошланиши олимлар томонидан исботланган далилдир, ўқиш эса мия фаолиятини рағбатлантиради.

Бугунги кунда ёшларни илм-фан билан шуғулланишга жалб қилиш энг муҳим вазифаларимиздан. Шу ўринда давлатимиз томондан илм-фанга алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларни ҳам маънавий жиҳатдан, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб қувватланаётгани, ишлашлари, тадқиқотлар билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилаётганига алоҳида урғу бермоқчимиз. Май ойида бир гуруҳ ёш олимларга квартиралар ажратилди, ёш тадқиқотчиларнинг мунтазам равишда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига тажриба орттириши учун стажировкаларга жўнатилмоқда.

Ёш илмий кадрлар корпусини шакллантиришга замин яратиш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда устувор йўналишлар бўйича янги мактаблар яратиш мақсадида Ёшлар академиясини ташкил этиш режалаштирилган. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир ярим мингдан зиёд 30 ёшгача бўлган ёшлар турли хил ихтиролари учун патентлар олган. Бу кўрсаткич фақатгина Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасалари миқёсидаги статистик маълумотлар бўлиб, аслида ёш ихтирочиларимизнинг сони бундан-да кўплиги қувонтиради. Айнан шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йилдан бошлаб, ёш олимлар, талабалар, умуман ташаббускор фуқаролар “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланадилар.

Ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилиши учун бутун жамиятимиз аъзолари, жумладан ёшларнинг ўзаро жипслашуви, ягона умумий мақсад йўлида бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилиш зарур. Жаҳон тажрибаси айнан ёшлар инновацион тадбиркорликнинг ҳаракат кучи эканидан далолат беради.

Мамлакатимиз ривожининг янги, инновацион босқичи – фундаментал жараён бўлиб, давлат ва жамиятнинг барча жабҳаларида шижоат билан меҳнат қилишимизни талаб қилади. Бу шарафли ишда ёшларнинг ўрни беқиёсдир. Фаол, ижодкор, турли ўзгаришларга тез мослаша оладиган, ҳаракатчан ёшларимиз барча инновацион жараёнларни тезлаштиришларига ва амалга ошира олишларига ишонамиз.

Ёшлик – куч, ғайрат ва шижоат фасли! Орзунгиз сари интилинг! Ҳаракат қилинг! Ўз устингизда ишланг! Янгидан янги чўққиларни забт этинг!

Иброҳим Абдураҳмонов
Инновацион ривожланиш вазири,
академик

ЎзА
2 612