Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.11.2017 19:17 Чоп этиш версияси

I Тошкент халқаро амалий санъат фестивалининг ёпилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини оширишга бағишланган йиғилишда мазкур соҳа равнақига оид янги истиқболлар белгиланди.

Ўзбекистон Бадиий академия томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ташкил этилган I Тошкент халқаро амалий санъат фестивали ҳунармандлар ижодини кенг жамоатчиликка таништириш, уларнинг хориждаги ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратишга хизмат қилди. Мазкур фестиваль учун юртимиз ва Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Италия, Латвия, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан икки юзга яқин ижодкорнинг энг сара ишлари танлаб олинди.

Бир ҳафта мобайнида пойтахтимиздаги кўргазма заллари, галереялар, музейларда амалий ва декоратив санъатга оид ижод намуналари кўргазмалари бўлиб ўтди. Давра суҳбатлари, конференциялар, ижодий мулоқотлар чоғида амалий санъатнинг бугунги ривожланиш тенденциялари, истиқболдаги вазифалар белгиланди. Фестиваль мобайнида санъатшунослар, чевар ҳамда мусаввирлар гуруҳлари ҳамкорлигида яратилган "Олис юлдуз шуъласи", "Жонзотлар", "Шойи, адрас, бахмал", "Анжели", "Қрим услуби", "Россиянинг қуроқли мозаикаси" сингари кўплаб ижодий лойиҳалар, туркум композициялар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

– Ўзбекистонда кўплаб биенналелар, халқаро кўргазмалар, санъат ҳафталикларида қатнашганман, – дейди рассом Франк Рёдель (Германия). – Бироқ амалий санъат фестивали халқ меросининг ажойиб йўналишларини намойиш этгани билан барчага ғоят манзур бўлди. Ҳамкасбларим, яқинларимга ўзбек ҳунармандлиги намуналаридан совғалар – мўъжаз қутичалар, кулолчилик буюмлари, миллий матолар олдим. Ўзбекистон, унинг меҳридарё халқи, қўлигул ҳунармандлари ҳақидаги энг ёрқин ва самимий хотиралар қалбимга янада мустаҳкамроқ муҳрланди.

Нафис санъатга доир ижодий нашрларнинг тақдимоти, модалар намойиши, миллий ҳунармандликнинг турли йўналишлари бўйича маҳорат сабоқлари, мусиқий кечалар, пойтахтимиздаги музейлар ва диққатга сазовор масканларга саёҳатлар фестиваль дастурининг янада ранг-баранглигини таъминлади.

Ижодий ишлари энг яхши, деб топилган мусаввир, уста ва ҳунармандлар, уларнинг шогирдларига Ўзбекистон Бадиий академиясининг сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 205






Все о погоде - Pogoda.uz