ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

Эртак айтсанг ўғлингга, ухлатмаслик учун айт!

Эртак айтсанг ўғлингга, ухлатмаслик учун айт!
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Онам фотиҳаси

Энди сен ҳукумат одами, болам,
Қўлингга бир қоғоз берди ўқитиб.
Унутма - сен кимсан, ким ота-онанг,
Юрма қоғоз билан элни қўрқитиб.

Сени жўнатишса олис юртларга,
Агар халқи ўзга тилда гапирса -
Ҳеч тақлид қилмагин сур, бебурдларга,
Сўкмагин уйидан сенга жой берса.

Ўқрайма «Сен бизга меҳмон» деганга,
Қийиқ ахтармагин ҳеч қачон қилдан.
Бешик бўлсин, тобут бўлсин экканга,
Кесма дарахтларин, эк келса қўлдан.

Оёқ тиқаверма, тиш ғижирлатиб
Сендан қочгандайин оқмасин сойлар.
Тегирмон борлигин доим ёд этиб,
Қовоғини солиб ўсар буғдойлар.

Билсанг, қонга ўхшар лолалар қирда,
Майса ёт оёқлар эзганда қақшар.
Қўзиқорин бодраб чиққанда ердан,
Зарб билан тугилган муштларга ўхшар.

Онангнинг бисоти фақат оқ йўлдир,
Сени тортиб турсин, тупроқ, она тил.
Қайда юрма, қанча умр кўрма, барибир,
Тобутда бўлса ҳам юртингга интил!

* * *

Сал-пал унутганингда ўйинлар, эрмакларни, ўғлим, айтиб бераман ажойиб эртакларни. Кимдир, тинглаб биларсан — Темур, Навоий, Бобур, Жалолиддин, Муқанна, Қодирий, Усмон Носир. Боламмассан мудрасанг, бу жуда узун эртак. Тингла, агар бўлайин десанг ҳақиқий эркак. Боқ халқинг ўтмишига эртангни ўйлаган пайт. Эртак айтсанг ўғлингга, ухлатмаслик учун айт.

* * *

Тилак

Шеър — бало, ишқ — бало, сўз — бало
Фақат бало бўлиб яшайлик
Шеър — армон, ишқ — армон, сўз — армон
Дунёдан армонсиз кетмайлик.
Саодат, садоқат — гулхандир,
Биз мангу ёнайлик гулханда
Уй — Ватан, куй — Ватан, ўй— Ватан
Орзуга етайлик Ватанда

Аъзам ЎКТАМ,
шоир

6 858
ЎзА