Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 12:18 Чоп этиш версияси

Элликқалъа туманида “Бобур асарлари билимдони” танлови ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигига бағишлаб “Бобур асарлари билимдони” танлови ўтказилди.

Туман ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ташкил этилган танловнинг якуний босқичида Бобур асарларининг 36 билимдони иштирок этди.

– Юксак маънавият, бурч ва адолат, эзгулик ва мардлик каби мавзулар тараннум этилган Бобур асарлари ёшларни ҳар томонлама баркамол шахс сифатида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши раиси Ж.Болтаев. – Туман миқёсида ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 360 дан ортиқ ўқувчиси фаол иштирок этди. Улар орасида Бобурнинг рубоий ва ғазалларини ёд олган, “Бобурнома” асаридаги тарих, география, этнографияга оид маълумотларни, темурийлар ва бобурийлар сулоласини тўлиқ биладиган ёшлар борлиги таҳсинга лойиқ.

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги танловда Бўстон академик лицейи ўқувчиси Г.Рейимбоева биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Элликқалъа тиббиёт коллежи ўқувчиси С.Болтабоевага, учинчи ўрин Бўстон ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Р.Юсуповга насиб этди.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси Э.Қултасова биринчи ўринга лойиқ топилди. 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Тўхтабоева иккинчи, 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Ўрозбоева учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 051






Все о погоде - Pogoda.uz