Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2018 13:16 Чоп этиш версияси

Дунёда бундан-да яхши унвон йўқ!

ШЕЪРИЙ ЛАҲЗА 


Қутлибека Раҳимбоева photo5424820862428751948.jpg
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1994).
Дастлабки шеърий тўплами — «Юрагимда кўрганларим» (1981).
 Шундан сўнг шоиранинг «Узун кундузлар» (1984), 
«Уйғониш фасли» (1989), «Озодлик», 
«Кўксимдаги Тангритоғ» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
 «Тоҳирнинг Зуҳроси» номли драматик асар ҳам ёзган. Л. Украинка, 
М. Цветаева каби шоирларнинг асарларини 
ўзбек тилига таржима қилган. 
«Шуҳрат» медали соҳибаси (1999).


Жон сўзни
Шу уйнинг устида турган байроқни
ёғоч тутқичидан оҳиста ечиб
ўзимнинг қўлимга ўрнатгим келар.
Хумоқуш ўтирган туғромизни ҳам
михланган тахтадан аста ажратиб,
юрагим устига ўрнатгим келар.
Озодлик деган шу бебаҳо сўзни
девордан беозор кўчириб олиб
яшириб қўйсайдим кўнгил уйига.
Мумгардиш ичига киргим келади.
Ҳар ҳарфин, ҳар товшир мадҳиямизнинг
содиқ аскар каби қўриб ўтирсам
ёмон қарашлардан, ёмон кўзлардан.
Мен бадбин эмасман,
шубҳачи эмас.
Фақат кутиб-кутиб топганимизни,
Фақат қонлар ютиб топганимизни
Мана бу Ёғочми, Тахтами, Девор –
Мумгардиш – бир лаҳза ғафлатда қолиб
олдириб қўймаса дея қўрқаман.
Мен ушоқ бўлсам-да,
Аёл бўлсам-да
Ўзимда тургани ишончлироқдай.

Ватан
“Ўзбекистон” дея шивирлаганда
Ўзингнинг овозинг ўпгинг келарми,
силагинг келарми товушларингни
онангнинг юзини силаган каби,
болангнинг юзини силаган каби.
Хорижий бир юртдан сафардан қайтиб
ўзбекча гапира бошласанг ногоҳ
тушовини узган тулпорлар каби
ўйноқлаб кетарми тушунчаларинг?
Ё Ҳақдан шифосин топган гунг каби
мақтангинг келарми тинмай гапириб,
тилингнинг қайтадан очилганини?
Ёлғиз қолганингда, маъюс чоғингда
Ўзингдек қоракўз келса ёнингга
қалбингда бир қудрат тириладими?
Ўзингни бир эмас, ярим кўнгилмас,
икки деб, бутун деб ҳис этасанми?
Яшаган умрингда шу туйғуларни
лоақал бир марта кечирган бўлсанг,
сен мутлоқ кичкина одам эмасссан.
Ишончли аскарсан. Ишончли қўшин.

***
Халқимга
Юлдуз сўкмай дарвозасин кенг очиб,
Фаришталар йўлларини супурган.
Нон увоғин қумри қушларга сочиб,
Нафасидан гул ифори уфурган.
Зариф кўнгил чамандорим сиз мани
Кўнгли камга ҳавандорим сиз мани.
Елкасига боласини миндириб,
Бир қувончга биттадан тўй тўйлаган.
Ичи куйса, қоратолни синдириб,
Ҳуштак ясаб, “Чўли ироқ” куйлаган.
Гоҳ созчи, гоҳ қаламдорим сиз мани,
Машраб феълли қаландарим сиз мани.
Ичга ютар чекиб юрган ранжини,
Бахтин айтиб, бошқасини айтмайди.
Қора тупроқ тилиб топар ганжини,
Қора меҳнат қорайтсада қайтмайди.
Заҳмат билан оламдорим сиз мани,
Ўтдан чиққан самандарим сиз мани.
Севиб боқсам, фақат чирой кўринар,
Ҳаммангизга, кўзтуморим сиз мани.
Ўзимники ўзимга ой кўринар,
Сўзтуморим, ўзтуморим сиз мани…
Ўтдан чиққан самандарим сиз мани


9 140