ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Давримизнинг мусиқий садолари

Давримизнинг мусиқий садолари

Пойтахтимизда “Давр садолари – 2019“ мусиқа фестивали бошланди. Мазкур ижодий лойиҳа Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат консерваторияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий санъатимизни ривожлантириш борасида бошлаб берилган ташаббуслар янги-янги ижодий лойиҳалар, қизиқарли маърифий ғояларга туртки бераётганини таъкидлади.

“Давр садолари – 2019“ мусиқа фестивалидан кўзланган асосий мақсад юртимиз бастакорларининг сўнгги йиллардаги ижод намуналари билан ихлосмандларни таништириш, мусиқашуносларнинг мухлислар билан учрашувлари, мулоқотига кенг йўл очиш, жойлардаги мусиқага ихтисослаштирилган билим масканлари фаолияти билан яқиндан танишиш, янги-янги истеъдодларни кашф этишдир.

Фестиваль давомида санъат фидойилари билан учрашувлар, мулоқотлар, ижодий кечалар, янги асарларнинг тақдимоти, концертлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Шу билан бирга юртимиз бастакорлари турли ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган ўқув даргоҳлари, олий таълим масканларида бўлиб, ёшлар учун маҳорат сабоқларини ташкил этади.

Бир қатор театрларда янги мусиқий спектаклларнинг тақдимоти бўлиб ўтади. Турли ижодий танловлар фестивалга янада жозибадорлик бағишлайди. “Давр садолари –2019“ мусиқий фестивали декабрь ойига қадар давом этади.

4 366
Н.УСМОНОВА, ЎзА