ЎзА Ўзбек

08.10.2019 Чоп этиш версияси

Чинозлик ёш мусиқачилар халқаро танловда ғолиб бўлди

Чинозлик ёш мусиқачилар халқаро танловда ғолиб бўлди

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро мусиқа танловида ғолибликни қўлга киритди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Чиноз туманидаги мазкур муассаса вилоятда мусиқа ва санъат йўналиши бўйича етакчи мактаблардан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг 1-5 май кунларни Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган халқаро мусиқа танловида ушбу мактабнинг 5 нафар ўқувчиси қатнашиб, 4 нафари ўз йўналиши бўйича биринчи, фақатгина бир нафари иккинчи ўринни эгаллаган эди.

1-6 октябрь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ушбу танловнинг давоми сифатида ўтказилган супер финалда ҳам мактаб ўқувчилари муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади. Жумладан, 9 ёшли Фирдавс Юсупов академик вокал йўналиши бўйича 79 нафар ижрочи орасидан фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, 13 ёшли Шаҳло Ўринбоева анъанавий дутор йўналиши бўйича, 14 ёшли Элёржон Толибжонов эса мақом хонандалиги бўйича биринчи ўринга сазовор бўлди. Элёржон мақом хонандалиги бўйича тенгсиз бўлиши билан бир қаторда, танловнинг энг яхши халқ қўшиқлари ижрочиси сифатида алоҳида диплом билан ҳам тақдирланди. Яна бир ёш истеъдод соҳибаси – 13 ёшли Севарахон Дадонова аккордеон мутахассислиги бўйича қатнашиб, иккинчи ўринни эгаллади.

3 834
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА