ЎзА Ўзбек

01.03.2018 10:14 Чоп этиш версияси

ЧИН КИЙИГИ ДЕСАМ КЎЗИН...

Адабиёт гулшани



Алишер Навоий

Чин кийиги десам кўзин, ваҳ, недурур итоб анга,
Чунки қароси кўргузур ҳар сари мушки ноб анга.
Лаъли лабингда тер бўлуб оби ҳаёт қатраси,
Ёки Хизир суйи лабинг, қатра бўлиб ҳубоб анга.
Ёпмади кўзни ашкким, боқмасун ўзга юзга деб,
Ҳар сари айни рашкдин ёпти ғаминг ниқоб анга.
Жисмим агар куяр, кўнгул толпинури ажаб эмас,
Кимки уйига тушса ўт, йўқ ажаб изтироб анга.
Оқмади хай узоридин лаълиғаким, ҳакими сунъ
Эзди ҳаёт шарбатин, эмди урар гулоб анга.
Зулфи хаёлидин кўнгул ҳар ён этар ҳаво, валек
Сайдға не халос чун боғлиғ эрур таноб анга.
Ўзлугининг ҳижобидин кимки ўзин халос этар,
Ўзга қаёнки солса кўз, мумкин эмас ҳижоб анга.
Аҳли мазаллат оҳининг новакидин сипеҳр агар
Қочмади мунча, бас, недур хам бўлубон шитоб анга.
Ваъдайи васл этиб эди, тушта аёғин ўпмишам,
Дема, Навоий, ул парий айламасун ҳисоб анга.


Луғат:
Итоб – таъна, маломат, танбеҳ.
Хай – тер.
Узор – ёноқ, қизил юз.
Ҳакими сунъ – борлиқ ҳикматининг соҳиби, мажозий Худо.
Ҳижоб – парда, тўсиқ.
Аҳли мазаллат – мазлумлар, бечоралар.
Новак – ўқ, ўқнинг темир учи.
Сипеҳр – фалак, осмон.


Байтларнинг насрий баёни:

Кўзини Чин кийиги дедим, ваҳки, у мени маломат қилмоқда. Негаки кўзининг қораси ҳар томонга сара мушк сочмоқда.

Лаъли лабингда тириклик суви тер бўлиб тушибди ёки лабинг – Хизр чашмаси-ю устидаги тер – қайнаб чиққан булоқ устидаги ҳубоб.

Бошқа юзга назар солмасин, деб кўзимни ашк ёпмади, балки сенинг ғаминг ҳар томондан айни рашкдан ниқоб солди.

Жисмим куйганидан кўнглим талпинса, ажабмас, негаки уйга ўт тушса, уй эгаси изтироб чекади.

Қизил ёноғидан лаблари устига тер тушмади, балки Яратганнинг ўзи ҳаёт шарбатини эзди, энди ўзига келиши учун гулоб сепмоқда.

Кўнгил зулфининг хаёлидан ҳар томонга майл этади, аммо арқон билан кишанланган сайдга қутулмоқ имкони йўқ.

Кимки ўзлик пардасидан қутулса (фано бўлса), қайси томонга назар солса ҳам, энди ҳеч нарса парда ортида яширин қолмайди.

Фалак бечоралар оҳининг ўқидан агар қочмаса, нега эгилиб, шитоб билан айланди?!

Ул парий висол ваъдасини этган эди, тушда оёғини ўпганмишман. Эй Навоий, энди ул парий буни ҳисобга олмасин, деб айтма.



Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти:


Абадийлик, мангуликка дахлдор бўлиш – инсониятнинг азалдан амалга ошмай келаётган орзуси, барча интилишларининг асл муддаоси. Бебақо оламдаги ўткинчи гўзаллик, елдек учиб борадиган умр, ҳар бир лаҳзаси қайтмас, Йўқлик тубига сингиб кетгувчи тириклик, новдалар учидаги куртаклари энди очилмоқчи бўлган бодомнинг танасига яқинроқ, бақувватроқ шохларида баҳордан мужда бераётган гулларининг ҳут шамоли билан қўшилиб, ер узра ҳасрат билан сочилиб ётишини кўриб турган ҳолида карвонсаройга ўхшаш беш кунлик дунёда меҳмонлигини билса-да, ўзининг лаҳзалик мезбонлигини кейингиларга эслатиш учун нималар қилмайди бу инсон боласи. Искандар каби оби ҳаётни қидириб, охири бенасиб қолгач, икки қўли очиқ бу дунёдан ўтган зотлар қанча...

Олимжон Давлатов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА
10 621