ЎзА Ўзбек

20.02.2018 11:57 Чоп этиш версияси

Чўлпон — жасорат тимсоли

Чўлпон — жасорат тимсоли
Уйғоқ фикр

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон! У ҳали ўсмирлик чоғларидаёқ Ватани Туркистон тақдирига бефарқ бўлмаган. Отаси Сулаймонқул баззознинг ғамхўрлиги, молиявий кўмаги туфайли Туркистондан ташқарида чиқадиган туркийча, русча газеталарни олиб ўқишга эришган. Уларда ҳатто ўзининг ижтимоий-сиёсий хабарлари, мақолалари билан қатнашиб турган. Туркий дунёнинг улуғ маърифатпарварлари Исмоил Ғаспирали, Заки Валидий Тўғон, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Асадуллахўжаев ва бошқаларнинг назарига тушган, баъзилари билан ўзаро ёзишмалар қилган.

Бу ўта мураккаб, Туркистоннинг кўп миллатли халқи қашшоқлик, чорасизлик, маърифатсизликка маҳкум бўлган, айтиш мумкинки, жаҳолатга ботган йиллар эди. Ўша йиллари, яъни 1917 йили Русияда инқилоб рўй бериб, подшоҳ тахтдан ағдарилди. Ҳокимият тепасига Ленин бошлиқ болшевик (коммунист)лар келди. Турган гапки, бундай эврилиш Туркистонда ҳам рўй берди. Маҳаллий бошқарув идоралари ходимлари орасида мусулмонлар (у пайтлари Туркистон халқини ушбу умумий ном билан аташарди) қарийб йўқ эди. Айниқса, вилоятлар, қишлоқ ва шаҳарларда ҳокимиятни саводсиз матросу аскарлар, узоқ муддат сургунда ҳамда қамоқларда ўтирган аламзада кишилар, дашноқлар устига-устак, ичкиликка берилган қаланғи-қасанғилар бошқара бошладилар. Чўлпон истиқлол орзусида исёнга йўғрилган илк шеърларини ўша йилларда ёзган.

Мамлакатдаги хўжасизлик, бошбошдоқликдан фойдаланишни кўзлаган маърифатпарвар жасур боболаримиз Тошкентда Туркистон мухториятини эълон қилмоқчи бўладилар. Лекин бу эзгу ниятга большевиклар изн беришмайди, уларни шаҳардан сиқиб чиқаришади.

Натижада Ватан фидойилари эзгу ниятларини Қўқонда амалга ошириб, Қўқон (Туркистон) мухтор жумҳурияти тузилганини эълон қилишади. Бу Русия таркибидаги асосан маданий-маърифий, таълим соҳасида мустақиллик истаган республика эди. Аммо ғаним уларни аёвсизларча бостиради, одамларни қирғинбарот этиб, шаҳарнинг кулини кўкка совуради. Қўқон уч кун ёнади. Мазкур эрксеварлар сафида ўша пайтдаги номдор шоир ва ёзувчилар қарийб бўлмаган. Фақат Чўлпонгина иштирок этган, исёнга чорловчи шеърлар ўқиган. У Оренбургда тузилган Татар-Бошқирд республикаси давлат раисининг котиби бўлиб ҳам ишлаган.

Чўлпон ўрис инқилобидан кейин махсус хизматларнинг “назари”га тушган эди, яъни тақиб остига олинганди. 20-йилларда бир муддат қамалган ҳам. У 30-йилларгача яширин фаолият олиб борган, озодлик учун курашган “Миллий Иттиҳод”, “Шўрои Исломия” ташкилотларининг аъзоси бўлган.

Чўлпоннинг ҳатто ишқ-муҳаббат мавзусидаги шеърларида ҳам исён, Ватан озодлигини соғинувчи дард бор. Яққол фош этувчи реализмга эга. Илк ҳикояларидаёқ жахолат, қашшоқлик, саводсизлик гирдобига тушган Туркистон воқелигини моҳирона чизиб беради. “Дўхтир Муҳаммадёр”, “Новвой қиз”, “Жаҳолат қурбони” “Ойдин кечаларда”, “Қор қўйнида лола” каби ҳикоялар шулар жумласидандир. “Кеча ва кундуз” романи эса миллий насримизнинг ҳар томонлама энг юқори чўққисида туради. Ундаги тил гўзаллигидан, миллатнинг асл қиёфасини, фожиасини, унинг сабабларини, халқнинг дарду изтиробларини тиниқ тасвирлаганлигидан ҳайратга тушмай илож йўк.

Хўш, бу гапларни айтишдан муродимиз не?

Ўтган асрнинг 30-йилларида қатағон қилинган шоиру ёзувчилар ва давлат арбобларининг тақдирлари Чўлпонникидан кескин фарқ қилади. Уларнинг кўпчилиги қурбон бўлган эса-да, орадан маълум муддат ўтиб оқланишган. Шўро давлатининг “сийловларига” мушарраф бўлишган. Баъзиларининг ҳаёти ва ижодларини мактаб ҳамда олий ўқув юртларида ўқиб-ўрганганмиз. Қарийб барчаларининг асарлари босилиб чиққан (нисбатан қисқартирилган бўлсада), кўпчиликлари ҳақида илмий рисолалар, китоблар ёзилган. Бироқ Чўлпон тўғрисида гапириш, ёзиш мутлақо мумкин эмасди. Асарлари чоп этилишини қўйинг, ҳатто бошқалар билан тушган суръатлари ҳам сиёҳда бўяб ташланган.

Коммунистлар Чўлпон ва унинг халққа таъсир кучидан ниҳоятда қўрқишган кўринишади. Чунки у 20-30-йилларда элнинг чинакам “юлдуз” шоири эди. Қалб туғёнлари ҳам миллат дарду изтиробларига жуда-жуда яқин, ҳамоҳанг бўлган.

Шўронинг кейинги йилларида Чўлпоннинг ёзув машинкасида ёзилган шеърларини ҳур фикрли кишилар қўлма-қўл ўқишган. Ҳатто романи ҳам шу йўсинда китоб қилинган. У араб, форс, рус қисман инглиз, немис ва туркий халқлар тилларини билган, таржималар қилган. Агар миллий мустақилликка эришмаганимизда Чўлпоннинг номи ва асарлари ҳали ҳамон тақиқ остида бўларди. У чин маънода истиқлол шоиридир, жасорат тимсолидир. Унинг қатли ҳам бошқаларникига ўхшамайди, яъни чўлпончасига мардларча жон берган (мен буни “Тегирмон” номли романимда баҳоли қудрат тасвирлаганман).

Мамлакатимиз тарихида янги давр бошланди. Ҳур фикр, адолат тантанаси яққол кўзга ташланмоқда. Бу ниятларимизни ошкора баён этмоққа имкон яратди.

Ҳадемай Чўлпон таваллудига 120 йил тўлади. Бу сана, бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонланса, тўла асарлар тўплами нашр этилса, шоирнинг ҳаётини ўрганувчи махсус комиссия ва юрган йўлларини аниқловчи экспедиция тузилса яхши бўлар эди. Шоир ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратиш (мавжудларини қайта чоп этиш), ўқув дарсликларига кенгроқ киритиш, унинг тўғрисида бадиий ҳамда ҳужжатли фильм ишлаш ҳам мақсадга мувофиқдир. Яна бир гап: пойтахтдаги адиблар хиёбонида Чўлпоннинг ҳайкали ҳам бўлиши керак. 

Чўлпон – жасорат тимсоли, дедик. У мустабид тузум даврида, жони муқаррар хавф остидалигида ҳам Ватан озодлигини, миллат эркини баралла куйлай олган ижодкордир. Унинг ҳаёти ва ижоди, курашлари ёшлар, айниқса, йигитлар тарбиясида муҳим рол ўйнайди. Чунки у йигитларимизни мардликка, Ватан учун фидойи бўлишга ундайди.

Наби Жалолиддин,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

18 441