Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 20:39 Чоп этиш версияси

Бухорода "Бухоро ҳунармандлари” фестивали бўлиб ўтди

Бухорода "Бухоро ҳунармандлари” фестивали бўлиб ўтди Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги 2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ўтказилган фестивалда миллий ҳунармандликни тиклаш, ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда 200 дан зиёд халқ устаси ўз маҳсулотларини намойиш этди.

– Ҳунармандлик авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимизнинг ўзига хос кўринишидир, – дейди Ғиждувон кулолчилик мактаби етакчиларидан бири, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги А.Нарзуллаев. – Бундай тадбирлар миллий ҳунармандлик анъаналарини ривожлантириш, соҳа вакилларига ўз маҳсулотларини тарғиб қилиш ва сотиш учун имконият яратишда муҳим аҳамият касб этади. Устахонамда ўнлаб ёшларга уста-шогирд анъанаси асосида кулолчиликдан сабоқ бераман. Улардан бири Жавоҳир Неъматов бугунги фестивалда ўз асарлари билан қатнашмоқда. Унинг келажакда ўз маҳсулотлари билан нафақат мамлакатимиз, балки халқаро кўргазмаларда ҳам муваффақиятли иштирок этишига ишонаман.

Фестиваль меҳмонлари орасида кўплаб чет эллик сайёҳларни ҳам кўриш мумкин.

2.jpg

– Мен дунёнинг турли мамлакатларида бўлганман, – дейди бразилиялик сайёҳ Бруно Албукарн. – Ҳеч бир шаҳар мени Бухоро каби ҳайратга солмаган. Йўқ, сўзларимни лутфга йўйманг. Мен архитектор сифатида меъморий обидаларингизни бетакрор ва улуғвор санъат, дея баҳолайман. Бухоро ҳунармандлари маҳсулотларини ҳам шундай таърифлаган бўлар эдим. Фестиваль менга жудаям ёқди. Миллийлик юксак қадриятга айлангани ҳунарманд усталарингиз ишида кўриниб турибди.

– Саёҳатим мана шундай ажойиб тадбирга тўғри келганидан ғоят хурсандман, – дейди испаниялик сайёҳ Тереса Матиенто. – Антиқа, сеҳрли тадбир экан. Сайёҳ дегани шошиб юради, кўп нарсага улгуришим керак, деб ўйлайди. Бироқ, мен ва ҳамроҳларим ҳар бир раста олдида анча вақт қолиб кетдик. Негаки, у ердан шунчаки ўтиб кетиб бўлмайди. Зардўзи кийимлар, турли кашталар, заргарлик ва зардўзлик буюмлари нимаси биландир кишини ўзига жалб этаверади. Бу ерда намойиш этилган буюмларнинг барчаси ҳунармандларингиз қадимий анъаналарни авайлаб келаётганини кўрсатади. Сайёҳларни замонавий шаҳарлардан кўра, ўлмас қадриятларини, ўзлигини сақлаб қолаётган юртлар жалб этади. Бухоро бизни шу жиҳати билан мафтун этди. Биз келгуси йилда ҳам бу фестивалга келишга ҳаракат қиламиз.

Фестиваль дастури ранг-баранг бўлди. Таниқли усталар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Бухоролик модельерлар яратган коллекциялар миллий ва замонавийликни уйғунлаштиргани билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Фестивалнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, унда мустақил ишлай оладиган ёш усталарга алоҳида эътибор қаратилганидир.

Тадбир доирасида ёшлар ўртасида “Энг маҳоратли ҳунарманд” танлови ўтказилди.

Фестиваль таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
1 959






Все о погоде - Pogoda.uz