ЎзА Ўзбек

06.06.2019 15:08 Чоп этиш версияси

Бу ўз илдизига болта уриш эмасми?

Бу ўз илдизига болта уриш эмасми?

Китоб мутолааси инсонни беминнат тарбиялайдиган восита бўлса, газета ўқиш кишини фақатгина маърифатга етакламасдан, уни тўғри ахборот оламига олиб киради.

– Газетанинг ўрнини ҳеч қачон сайт босолмайди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли журналист Ҳаким Сатторий. – Бугун нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда газетанинг ўрнини босадиган сайт мавжуд эмас.

Ўзимизнинг сайтларга келадиган бўлсак, баъзиларини ўқиб ҳайрон қоламан. Газетчилик йўқолиб бораяпти эмас, журналистлар йўқолиб боряпти деган хулосага келаман. Сайтларимиз бугун фақат шов-шув кетидан қуваётгандек, назаримда. Савияси эса сариқ матбуот даражасидан ҳам анча паст. Ахир қандай қилиб бутун халқни алдаб келаётган, изланиш, якдил фикри йўқ сайтлар газета ўрнини босиши мумкин. Обрўли сайтларимиздан бири метродаги 3-4 ой олдин бўлган воқеани бугун бўлди деб жар солса, аслида ҳам жиноятчи бўлган аёлни мақтаб уни тўғри йўлга эмас яна жиноятчиликка ундаб турган сайтларга қандай қилиб халқ маънавиятини ишониб топшириш мумкин.

– Мен ўн йилдан буён Францияда яшайман, – дейди Париждаги ''Meros'' ассоциацияси раиси Фаррухбек Йўлдошев. – Бу ерда турфа хил газеталар чиқади. Бекатларда, боғларда, кўчаларда ҳалиям газета ўқиётган одамлар кўп. Интернет қанчалик ривожланган бўлса-да, газета мутолааси уларни ҳали ҳамон тарк этмаган. Ҳар куни чиқадиган газеталар бор. Ишонасизми, 150-200 бетлик газеталар, 300 бетлик журналлар бор. Бу ерда ҳеч ким газеталардан, босма нашрлардан воз кечиш ҳақида гапирмайди. Буни хаёлига ҳам келтиришмаса керак. Мен ишонаман Ўзбекистонда ҳам газета йўқолмайди.

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА
11 216