Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 11:59 Чоп этиш версияси

Болалар ижоди намойиши

Болалар ижоди намойиши Тошкент Фотосуратлар уйида намойиш этилаётган 160 нафарга яқин иқтидорли ўғил-қизнинг ижодий ишлари каттаю кичикка, санъатшуносу мухлисга манзур бўлмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамда Яккасарой тумани “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Болалик орзуларим” мавзуидаги кўргазманинг очилишида рассомлар, санъатшунослар, ота-оналар, журналистлар ва ўқувчилар жам бўлди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда фарзандларимиз бахту камоли йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг маънавий оламини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ва ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим-тарбия олаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлаётир.

– Марказимизнинг “Тасвирий санъат” тўгараги ўқувчилари мамлакатимизда анъанавий ўтказилаётган танловларда мунтазам иштирок этиб келмоқда, – дейди Яккасарой тумани “Баркамол авлод” болалар маркази директори Д.Яҳёева. – Жумладан, улар орасида “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси, “Қадрдон шаҳрим экологияси” кўрик-танлови, “Биз серқуёш юрт фарзандларимиз” каби кўргазмаларнинг фаол иштирокчилари ва совриндорлари бор.

Марказнинг “Майда пластика” тўгараги ўқувчиларни яратувчанлик ва ижодкорликка ўргатади. Бу ерда болалар турли мавзудаги композиция шаклларини махсус лой, шўр хамирдан ясаб, гуашда ранг беради ва хона ҳароратида қуритади. Мазкур тўгарак ўқувчилари орасида 13 ёшли Козимжон Раҳматуллаев алоҳида иқтидорга эгалиги билан ажралиб туради. У “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт фестивали, “Ёш ҳунарманд” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари ғолиби.

– Мен шу кўргазмада қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди у. – “Ёмғирда”, “Натюрморт” деб номланган ва бошқа ишларимни тенгқурларим эътиборига ҳавола этдим. Келгусида ўқиб-изланиб, жонажон юртимизга муносиб фарзанд бўлиш асосий мақсадимдир.

Тадбирга мазкур марказ болаларининг чиқишлари, куй-қўшиқлари ўзгача шукуҳ бағишлади.

Насиба Зиёдуллаева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
1 024






Все о погоде - Pogoda.uz