Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Бобур меросининг аҳамиятига бағишланган видеомулоқот ташкил этилди

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан “Юксак маънавиятли баркамол авлодни тарбиялашда Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг аҳамияти” мавзуида видеомулоқот ташкил этилди. Унда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарлари билан нафақат ўзбек, балки Шарқ халқлари бадиий тафаккурини, маданиятини янги босқичга кўтаргани таъкидланди. Бобур асарларини ўрганиш инсонларни, айниқса, ёш авлодни яхшиликка, Ватанни севишга ундайди.

Бобур асарларида Ватанга муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси, комил инсонни тарбиялаш масалалари моҳирона тасвирланган. Тадбирда Бобур меросини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, буюк мутафаккир ижодида акс этган ғояларнинг инсон камолотидаги ўрнига бағишланган маърузалар тингланди.

– Шоирнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид нодир асарлари бизга қадимий тарихимиз ҳақида қимматли маълумотлар беради, миллий ўзлигимизни, маданиятимизни англашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Зулхумор Холмонова. – Биргина «Бобурнома»нинг ўттиздан ортиқ тилга таржима қилиниб, чоп этилгани буюк алломанинг асарлари бутун дунё халқлари томонидан севиб ўқилишидан далолатдир. Бобур ва унинг авлодлари даврига оид бебаҳо манбалар жаҳоннинг етмишдан ортиқ музейида сақланиб келмоқда.

Тадбирда Бобур ҳаёти ва ижодига оид қизиқарли маълумотлар берилди. Асарларида илгари сурилган ватанпарварлик ғоялари, гўзал ахлоқий қарашлар, таълим-тарбия олиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Талабалар томонидан Бобур ғазаллари ва рубоийларидан намуналар ўқилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
912






Все о погоде - Pogoda.uz