Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 16:11 Чоп этиш версияси

Бебаҳо хазина

Моҳичеҳра Шомуродова "Муножот" ашуласини ижро этганида мухлислар уни сел бўлиб эшитади. Ёш хонанда мумтоз ашулалар, айниқса, Навоий ғазали билан куйланувчи асарларнинг бу қадар дилга яқинлигини уларнинг сўзларидаги оҳангдорлик, жозиба, мафтункорлиги, нафосатида, деб билади.

Ўзбекистон давлат консерваториясида Навоий ижодини мусиқа воситасида ёш авлодга пухта ўргатишга жиддий эътибор қаратилаётир.

– Навоий ижоди битмас-туганмас хазина, – дейди ушбу олий таълим муассасасининг проректори Равшан Ниғматов. – Жорий йилда консерватория педагогик ва талабалар жамоаси Навоий ҳамда Бобур ғазаллари билан куйланувчи ашулалар, мумтоз асарлардан иборат катта концерт дастурига, "Назм ва наво", "Навоий мероси", "Навоий бўстони" каби маърифий-мусиқий тадбирларга алоҳида тайёргарлик кўрди.

– Шашмақомнинг аксарият мусиқий намуналари Алишер Навоий сўзи билан айтилади, – дейди Шарқ мусиқашунослиги кафедраси мудири Сойибжон Бегматов. – Шоирнинг "Лисон ут-тайр", "Маҳбуб ул-қулуб", "Мажолис ун-нафоис", "Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад" сингари фалсафий асарлари, "Хамса"дан ўрин олган достонларида мусиқа илми ва тарихи, мусиқа ижодиёти, мусиқа амалиёти намояндалари, санъатга оид иборалар, чолғулар хусусида кенг маълумотлар берилган. Масалан, биз қўллайдиган "бастакор", "хонанда", "ижрочи" каби сўзлар Навоий томонидан бир неча муқобил шаклларда ифода этилган. Талабалар ўқув жараёнида мутафаккир ижодига, унинг ғазалларига доим мурожаат этади. Буюк Навоийнинг мероси талабалар учун дастуриламал, ўқитувчилар учун ибрат мактабидир.

– Навоий ижоди ҳикматлар билан йўғрилган, инсониятни камолотга ундовчи, асрлар, замонлар оша бадиий, тарбиявий қиймати ғоят долзарб бўлган мерос сифатида қадрлидир, – дейди Шарқ мусиқаси факультети декани Набижон Қодиров. – Ўқув даргоҳимизда бу меросни мусиқа санъати воситасида ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Анъанавий хонандалик ва анъанавий чолғу ижрочилиги, академик хонандалик ва бошқа бир қатор таълим йўналишларида "Шарқ шеъриятига кириш", "Аруз ва мумтоз мусиқа", "Ўзбек мумтоз шеърияти асослари", "Шашмақом ғазаллари таҳлили" ўқув фанларида, шунингдек, "Ансамбль синфи", "Анъанавий ижрочилик санъати тарихи", "Анъанавий хонандалик" каби ихтисослик фанларида мукаммал ўрганилмоқда.

Устоз санъаткорларнинг фикрича, мумтоз мусиқа асарлари ижроси хонандадан катта билим, маҳорат, пухта тайёргарликни талаб этиши боис ёшларга бу йўналишдаги куй-қўшиқларни ўргатишга катта масъулият билан ёндашилмоқда.

Ушбу таълим даргоҳида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилувчи "Навоий ва мусиқа" илмий-амалий анжуманига пухта ҳозирлик кўрилади. Шоирнинг мусиқа таълимига, бастакорлар, хонанда ва созандаларга, ўша даврдаги мусиқий жанр, мусиқий рисоланависликка доир қимматли фикрлари Тошкент давлат шарқшунослик институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти олим ва ўқитувчилари, ёш изланувчилари томонидан атрофлича муҳокама этилади.

Катта илмий ходим-изланувчи Лайло Жўраева "Алишер Навоий ва мусиқа санъати: тарих ва таҳлил" мавзуидаги илмий иш устида изланмоқда. Унинг айтишича, улуғ алломанинг бир қатор асарларида мусиқа тарихи, чолғу асбоблари, бастакорлик, созанда ва хонандалик билан боғлиқ таърифлар, шарҳлар, баҳо ва изоҳларни учратиш мумкин. Адабиёт, тилшунослик, тарих билан уйғун бўлган ушбу тадқиқот миллий мусиқа санъатимизнинг инсон камолоти, маънавиятидаги ўрни нечоғли беқиёс эканини мукаммалроқ ўрганишга қаратилгандир.

Ёшларнинг маҳоратини янада кенгроқ оширишда ёш мақом ижрочиларининг республика танлови, турли концертлар, ижодий лойиҳалар, санъат фестивалларининг аҳамияти ғоят катта бўлмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 644






Все о погоде - Pogoda.uz