Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 18:46 Чоп этиш версияси

Ўз касбига эга инсон доимо зарга эга бўлади...

Саҳнадан тарала бошлаган майин оҳанг авж пардаги чиқиб, кутилмаганда тинди. Бир неча сониялик жимлик... Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асаридан ўрин олган рубоийлардан бири эшитила бошлади. Сатрларга яна ўша ёқимли оҳанг эш бўлди.

Косиб кунжи кафи зар олғинчи эрур,
Икки қўли мезони дирамсанжи эрур,
Ким бўлса ҳунарсиз иши – ўқ ранжи эрур,
Бу важҳ илаким, ҳунари ганжи эрур.


Рубоийга изма-из унинг шарҳи ҳам ўқилди: “Ўз касбига эга бўлган инсон доимо зарга эга бўлади, унинг икки қўли ҳалол ризқ топишда қийналмайди, ҳунарсиз инсон ҳамиша ранж чекади, чунки ҳунар инсоннинг қўлидаги ганж эрур”... Томоша залида давомли олқишлар янграйди.

Қибрай туманидаги Чингелди маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган “Алишер Навоий асарларидаги эзгу ғояларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир шундай бошланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда адабиётшунос олимлар, партиянинг “Истиқбол” ёшлар қаноти ҳамда “Ёш сиёсатчилар” клуби аъзолари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

Мамлакатимизда миллий маданий меросимизни асраш, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш, юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Алишер Навоийнинг ижоди инсониятни ҳамиша камолотга ундайдиган, замонлар оша ҳам бадиий, ҳам тарбиявий қиймати ва долзарблигини йўқотмайдиган бебаҳо меросдир, – дейди партия вилояти кенгаши раиси М.Дархонов. – Бугунги глобаллашув даврида, дунёнинг турли нуқталарида ахборот хуружлари авж олаётган бир пайтда ёшларимизда ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитишда адабиётимизнинг бу каби нодир намуналаридан самарали фойдаланиш зарур. Бунинг учун барча таълим муассасаларида тарғиботнинг таъсирчан усулларини янада кўпайтириш талаб этилади.

Тадбир доирасида ташкил этилган интеллектуал баҳсда коллеж ўқувчилари “Улуғ шоир ижодида шарқона одоб, мардлик ва жасорат, эл-юртга садоқат ғоялари”, “Навоийхонлик”, “Алишер Навоий асарларининг ёшлар таълим-тарбиясидаги ўрни” деб номланган шартлар бўйича ўзаро баҳслашди.

Буюк мутафаккир ижодига оид саҳна кўринишлари, шоир ғазаллари билан куйланган қўшиқлар кечага янада завқ бағишлади.

Икром Аввалбоев, ЎзА
2 818






Все о погоде - Pogoda.uz