Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 21:29 Чоп этиш версияси

«O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивали якунланди

«O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивали якунланди “Milliy” телеканали ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалда кенг жамоатчилик ва дипломатик корпус вакиллари, хорижлик меҳмонлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сайилгоҳ кўчаси эрта тонгдан одамлар билан гавжум бўлди. Ўзбек миллий анъаналари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий таомлар, дорбозлар ва халқ ўйинлари, либослар намойиши, концерт дастурлари бу ерга келган ҳар бир иштирокчига олам-олам қувонч бағишлади.

– Жаннатмонанд юртимизга фақат байрамлар, тантаналар ва бугунгидек миллий қадриятлар намойишига бағишланган фестиваллар ярашади, – дейди сурхондарёлик Сайдали Қурбонов. – Фестивалга оилам билан келдим. Бу ердаги “Водиллик дорбозлар” намойиши дейсизми, осмонга учирилган улкан ҳаво шарларими ёки миллий адрасимиздан яратилган санъат асари даражасидаги аёллар чопони, сумкалари, либосларини кўриб, мағрурланиб кетдик. Нега дейсизми? Булар ўзбекнинг асл удумлари, қадриятлари қанчалик улуғ эканининг исботи-да. Санъаткорларимиз чиқишларини айтмайсизми?! Тандирда тайёрланган хилма-хил таомларимиз-чи! Ўзбекнинг шоҳона оши жаҳон рекордини ўрнатди. Булар бизнинг боқий анъаналаримиз, ифтихоримиздир.

39.JPG

Фестиваль доирасидаги тадбирлардан бири – ўзбек миллий таоми – паловнинг тайёрланиши ва бу жараёнда Guinness World Records вакилларининг иштирокидир. Моҳир ошпазларимиз диаметри 4,2, ҳажми 8 метр куб ва баландлиги 1 метрдан ошиқ бўлган қозонда 7 минг 360 килограммлик палов тайёрлаб, жаҳон рекордини ўрнатди.

– Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилиш учун таомга тўрт тонна масаллиқ сарфланиши керак эди, – дейди Guinness World Records вакили Ричард Стенинг. – Бугун ушбу талаб ошиғи билан бажарилди. Паловни тайёрлаш жараёнида Guinness World Records талабларига тўлиқ риоя қилинди. Палов тайёрлаш бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди. Бу, албатта, Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилади.

– Тошкентга биринчи келишим ва у мени гўзаллиги билан мафтун этди, – дейди россиялик журналист Святослав Гордин. – Қўли гул ҳунармандлар ва рассомлар қадимий анъаналар уйғунлигида яратган тасвирий ва амалий санъат асарлари менга жуда ёқди. Улкан қозонда етти тоннадан ортиқ паловнинг тайёрланишини кузатиш ва уни татиб кўриш бахтига муяссар бўлдим.

Фестивалнинг асосий тадбирларидан яна бири Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида ўтказилган «O‘zbegim» китобининг тантанали тақдимоти бўлди.

20.JPG

Китоб-альбом билан танишган ўқувчилар ундаги нодир тарихий ва замонавий ҳужжатлардан халқимизнинг моддий ва номоддий бойликлари, меъморий обидалари, бой мероси ҳақидаги ва бошқа кўплаб маълумотларга эга бўлади. «O'zbegim» китоби лойиҳаси устида 10 га яқин сураткаш ишлаган. Китоб учун иш жараёнида олинган 10 мингдан зиёд суратдан 2 мингтаси танлаб олинган. Нашрдан 6 та панорамали сурат жой олган. Энг йирик фотокомпозицияда 250 дан зиёд киши тасвирланган. Улар Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакиллари бўлиб, ҳар бири ўз миллий либосида акс эттирилган. Суратга олиш жараёнида керакли муҳитни яратишда 50 дан зиёд ҳунарманд-устанинг 500 дан ортиқ амалий санъат намуналаридан фойдаланилган.

Фестиваль жараёни пойтахтимиз турли масканларида ўрнатилган 20 дан ортиқ экранда намойиш этилди. Шунингдек, “Milliy” телеканали, Guinness World Recordsнинг Facebookдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиб борилди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Зиёдулла Жонибеков, Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
3 328






Все о погоде - Pogoda.uz