Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 15:06 Чоп этиш версияси

Банкда бадиий кўргазма ташкил этилди

Наманганда рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Эркин Азизовнинг “Муқаддас юртим, бетакрор Ўзбекистоним!” номли ижодий кўргазмаси бўлиб ўтди.

“Асакабанк”нинг вилоят филиалида ташкил этилган кўргазманинг очилишида рассомлар, банк ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда халқимиз маънавиятини юксалтириш, санъатнинг барча турларини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда уларнинг таъсир кучидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Тасвирий санъат соҳасида эркин ижодий муҳитни таъминлаш, рассомларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли бугун юртимиз мўйқалам усталари жаҳоннинг турли давлатларида шахсий кўргазмаларини ўтказмоқда.

Эркин Азизов юртимизнинг бетакрор табиати, бой тарихимиз, қадимий миллий қадриятларимиз, мустақиллик йилларида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини ранглар воситасида тараннум этиб келаётган мусаввирлардан бири.

– Кўргазманинг банкда ташкил қилиниши тасвирий санъат, маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтиришда яхши самара беради, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси К.Қамбаров. – Шундай ташаббус билан чиққан ва биз билан ҳамкорликни йўлга қўйган банк раҳбарияти ва жамоасига вилоятимиз рассомлари ҳамда санъат мухлислари номидан миннатдорлик билдирамиз.

Банкда ташкил этилган кўргазма ноанъанавийлиги билан барчанинг эътиборини тортди. Шу куни кундалик молиявий ишлари билан банкка келган мижозлар ўзларини жозибадор оламга тушиб қолгандай ҳис қилдилар. Банкнинг муҳташам фойеси, йўлаклар девори, зина ва устунларга осилган санъат асарлари мўъжазгина галерея кўринишини олди.

– Мазкур тадбир банкимиз ходимлари учун ҳам, мижозлар учун ҳам кутилмаган туҳфа бўлди, – дейди "Асакабанк" вилоят филиали бўлим бошлиғи А.Мавлонов. – Бу ерда намойиш этилаётган асарлар кишига эстетик завқ, руҳиятига кўтаринкилик бағишлайди. Ҳисоб-китоблар, рақамлардан толиққан ақлга ором, янги куч-қувват беради.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
1 176






Все о погоде - Pogoda.uz