ЎзА Ўзбек

31.10.2019 Чоп этиш версияси

Бахтиёр Менглиевга савол: “Ўзбек тили ўладими?”

Бахтиёр Менглиевга савол: “Ўзбек тили ўладими?”

Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Лекин ўзбек тилининг ҳамма соҳада ҳам фаол эмаслиги кишини ўйлантиради. Шу жараёнда ўзбек тилининг ривожи учун ҳисса қўшаётган, оммавий ахборот воситаларида тил ҳақидаги долзарб мақолалари билан фаол қатнашиб келаётган тилшунос, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев билан ўзбек тили олдидаги муаммолар ҳақида суҳбат қилдик.

– Тил ҳақида қанча гапирмайлик, қанча куюнмайлик, қўйилаётган масалага ечим топилмайди, одатда. Ўзбек тилининг бойлиги ҳақида соатлаб гапириш мумкиндир. Давлат тили мақоми берилган бўлсада, ўзбек тили сиёсий, иқтисодий соҳаларда етакчи тил эмаслиги кўриниб турибди. Сиз тилшунос сифатида бу жараёнга қандай фикр берасиз?

– Ҳисоб китобларга кўра, бугунги кунда дунёда 3 мингдан 7 мингтагача тил борлиги айтилади. 2005 йилда тузилган ЮНЕСКО рўйхати 6 912 та тилни қамраб олади. Тил – моддий, маънавий меросни сақлаш ва бойитишнинг энг кучли воситаси. ЮНЕСКО ҳисоб китобига кўра, мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми ХХI асрда ўзининг охирги соҳибидан ажралиши мумкин. Баъзи фаразларга кўра, аср охирига келиб мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланади. Ҳар ойда дунё миқёсида иккитадан тил ўлаётганлиги эса даҳшатли ҳодиса! ЮНЕСКОнинг 2017 йил 15 июндаги хабарига кўра, ўлим ёқасида турган 2,5 минг тилдан 15 таси Марказий Осиё халқларига тўғри келади. Тилга Давлат тили мақомининг берилиши уни йўқолиш муаммосига дуч келиш хавфидан маълум даражада халос қилади. Масалан, удмурт, чукот, чечен тиллари ҳам, давлат тили бўлсада, йўқолиш хавфига юз тутаётганлиги – фикримизнинг далили. Албатта, Давлат тили мақоми тил ва унинг соҳиблари учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. У – миллий яхлитликни ва бардавомликни таъминловчи асосий восита. Бироқ унинг ўзигина тилнинг яшаб қолиши учун етарли эмас.

– Ўзбек тили олдида ўлим хавфи бор демоқчисиз. Шундайми?

– Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот¬коммуникациялар соҳасида, Интернет тизимида қўлланиш даражаси билан боғлиқ. Қайси тил Интернет тили эмас экан, бу тилларнинг рўпарасида ўлим хавфи тураверади. Интернет тили ҳақида сўз кетар экан, ўзбек тили Интернет тили эмасми деган савол туғилиши табиий. Чунки ўзбек тилида Интернет саҳифаларида маълумотлар берилмоқда, ёзишмалар амалга оширилмоқда, тилимизда иш олиб борадиган сайт ва порталлар, ижтимоий тармоқлар кундан-кунга кўпаяётир. Зоҳиран тилимиз Интернет ва ахборот коммуникация соҳаларида чекланмаган даражада қўлланаётгандек, тилимиз эса Интернет тилига айлангандек. Аслида ҳам шундайми? Интернет компьютер технологияларига таянади. Компьютер лингвистикасида “компьютернинг тилни таниши” деган тушунча бор. Агар компьютер тилни “танир” экан, тилнинг компьютер тили, Интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади. Компьютер тилни “таниши” учун у бу тилни “билиши” зарур. Компьютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, аннотациялаши, тилни ўргатиши, транслитерация қилиши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Умуман олганда, сунъий интеллектнинг муайян тил асосида иш кўриши, тилнинг сунъий интеллектнинг тўла маънодаги мулоқот воситасига айланиши унинг тилни “билиши” ва “таниши” асосида содир бўлади.

Хуллас, ХХ асрнинг буюк кашфиёти бўлган компьютер технологиялари соҳаси учун катта вазифаларни вужудга келтирди ва тилларнинг тараққиёти ҳамда яшаб қолиши учун ҳал қилувчи омилга айланиб қолди.

Тилнинг Интернет, компьютер технологиялари тилига айланиши математик лингвистика, унинг давоми бўлган компьютер лингвистикасининг шаклланганлиги ва ривожланиш даражаси билан боғлиқ. Айниқса, сунъий интеллект учун табиий тилларни моделлаштириш компьютер лингвистикасининг асосий, пировард вазифаси ҳисобланади. Дунё миқёсида сунъий интеллектлар яратиш асосида табиий тилларни математик моделлаштириш ётади. Математик моделлаштириш натижалари сунъий интеллектнинг фаолият дастурини яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўзбек тили мисолида ҳали очилмаган қўриқ.

– Ўзбек тилининг нуфузини давлат тили деган мақом кўтара олмас экан. Бу факт. Айниқса, ёшлар илм-фан соҳасида ўзбекча манбалар жуда озлигидан нолишади. Демак, ўзбек тили замон билан қадамма-қадам ривожланиши керак эканда.

– Тил барча соҳаларнинг туб негизи ҳисобланади. Сабаби, биз тафаккуримиздаги маҳсулни, ҳар бир фикр ва янгиликни тил орқали юзага чиқарамиз. Таассуфки, ўзбек тили кейинги пайтда ишлатилиши жиҳатидан бироз қуйи қатламларда фойдаланиладиган тилга айланиб қолганини айтишимиз ўринли бўлади. Масалан, оддий одамлар орасида мулоқот тили, ўзбекча ўқитиладиган таълим муассасаларида таълим тили, адабиёт ва санъатда ишлатиладиган тил. Санъатда дейишимиз бироз баҳсли, негаки замонавий ўзбек қўшиқчилигида (аслида санъат сўзи ҳам шартли) бузуқ тил пайдо бўлган. Сиёсий-иқтисодий соҳада ўзбек тилининг мавқеи ҳавас қиларли аҳволда эмас. Муаммони қандай ечамиз? Энг аввало, урғуни таржима соҳасига қаратиш лозим. Чет тилларидаги илмий ва бадиий адабиётлар ўзбек тилига таржима қилиниши керак. Бунинг учун эса давлат таржимачиликка алоҳида эътибор қаратиши, грантлар ажратиши лозим. Бизда бор аксар илмий ва бадиий адабиётлар рус тилидан таржима қилинган. Илм-фан соҳасини рус тилисиз тасаввур этиш қийин, ўзбек тили илм-фанда ўз позициясини йўқотган. Шу сабабли илм-фан соҳасидаги энг нодир китобларни, дунё илм аҳли тан олган илмий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиб, ўзбек тилидаги контентни бойитиш лозим. Ижтимоий тармоқда тез-тез “оммавий тил жонкуярлиги” хуруж қилиб туради. Амалий таклиф йўқ, қуруқ иддао.

– Бахтиёр ака, бозор иқтисодиёти ҳам тил ва тилшуносликка таъсир кўрсатяптими? Нима деб ўйлайсиз?

– Мамлакатимизда шиддат билан ривожланаётган бозор муносабатлари тилшуносликнинг мақсадли йўналтирилган, истеъмолчи талаби асосида бажариладиган иқтисодий ва ижтимоий самарадор соҳалари ривожланишини кучли тақозо қилаётир. Муаммо ечими қуйидагиларда намоён бўлади: биринчидан, тегишли соҳа вазирлик ва қўмиталари, корхона ва ташкилотлари лингвистик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаб, муаммолар банкини яратиш, уларни фан йўналишлари бўйича таснифлаш, илмий иш бажарувчи ташкилот ва корхоналарга юбориши лозим. Иккинчидан, тилшунослик бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар тегишли соҳалардаги тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаш, муаммолар банкини яратиш ва таснифлашда уларга кўмаклашиши зарур. Учинчидан, тил муаммолари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ички имкониятидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизмат тизими ва структурасини ишлаб чиқиши керак. Тўртинчидан, тегишли фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизматларини таклиф этиш лозим. Бешинчидан, юридик шахсларнинг ушбу фан йўналишларига ҳомийлик хизматини жорий қилиш ва бунинг учун уларга имтиёз ва қулайликлар яратилиши керак. Тилшунослик фан ва ишлаб чиқариш узвийлиги тизимида бундай йўсинда иш юритишга ҳали ўтгани йўқ. Масалан, информацион технологиялар учун ўзбек тилининг лингвистик базасини яратиш ёки тил ва маънавият яхлитлиги ҳақида гап кетар экан, маънавий-маърифий фаолият самарадорлиги учун зарур тилшунослик тадқиқотларига тегишли муассасалардан ҳануз бирорта ҳам буюртма берилгани йўқ десак, хато бўлмайди. Ҳолбуки, янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга ижтимоий-иқтисодий самара таклиф этадиган тилшунослик ўз кучи билан яшашга ҳақли.

– Мустақилликдан сўнг она тили таълими мақсади, мазмуни, усули ва воситалари тубдан ислоҳ қилинди. Замонавий она тили таълимимиз яқин ўтмиш давридагидан шу нуқтаи назардан қай даражада такомиллаштирилди? Таълим мақсади, мазмуни, усули ва воситаларини такомиллаштириш бўйича нималарга эришдик? Бу борада қандай муаммолар мавжуд?

– Истиқлол йилларидагина она тили таълимида муаммолар вужудга келди. Биринчидан, она тили таълимида кераксиз назарий маълумотларга чуқур кириб кетилди. Иккинчидан, грамматика таълими устуворлашиб, сўз таълими иккинчи ўринга тушиб қолди. Учинчидан, дарсликлардаги хатоликлар, назарий чалкашликлар бугунги кунда ҳаммани қийнаб ташлади. Тўртинчидан, ўқувчиларнинг эгаллаган кўп билимлари компетенциявий моҳиятга эга эмас. Бугунги кунда мутахассисларимиз томонидан она тили таълими мазмуни ва воситалари бўйича ОАВ, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида турли хил чиқишлар қилинмоқда. Танқидий фикрлар ҳам талай. Бу борада она тили бошқа ўқув предметларидан анча “илгарилаб кетди”. Бунинг қатор сабаблари бор. Аввало, дарсликлар устидаги ишларнинг кўпинча юзаки эканлиги. Амалиётчи ўқитувчилар маслаҳатлари ҳар доим ҳам инобатга олинмаяпти. Дарслик яратишда монополия вужудга келди. Барча дарсликлар учун мутахассис амалиётчи ўқитувчидан битта муҳаррир тайинланиши, у дарсликлардаги мазмунни мувофиқлаштиришга масъул бўлиши, шунингдек, албатта, меҳнати моддий рағбатлантирилиши зарур. Она тили фани (аслида уни ўқув предмети дейиш маъқулроқ, бироқ ҳозирги ҳолатида фан дейиш тўғри) ўқувчи нутқини ривожлантириш, сўз бойлигини ошириш учун ўқитилиши керакку, бироқ амалда фақат назария билан чекланиб қолаётган, қоидаларга ўралашиб, қуруқ маълумотларни зўрма-зўраки, кўпинча тушунмай, амалиётга татбиқи ҳақида ўйламай, схоластик равишда ёдлаётган болалар эртага тилнинг комил соҳиби бўлишларига, унинг имкониятлари билан юксак даражада қуролланган шахс сифатида вояга етишига шубҳаланади киши...

– Бу гапингиздан ўзбек тили таълимини яхшиламасдан туриб тил ҳақида баландпарвоз гапириб бўлмайди, деган маънони уқдим. Шундайми? 

– Албатта. Мактабда она тилимизнинг аҳволи қандай? Боши ҳам, адоғи ҳам йўқ, бунинг устига дарсликдан дарсликка ўтиш, синфдан¬ синфга кўчиш билан ўзгариб турадиган сон-саноқсиз илмий (лингвистик) қоидаларни ёдлаганмиз – сув қилиб ичганмиз. Матннинг, берилган гапларнинг авра-астарини чиқариб, ипидан игнасигача таҳлил қилганмиз. Бироқ бу “билим”лар оғзаки ва ёзма нутқимизга қай даражада таъсир қилганлиги ҳақида ўйлаб кўрайлик. Нутқимиз қандай? Тутиламиз, дудуқланамиз. “Анақа”, “ҳалиги”, “нима десамикин”, “ўшаде” кабиларни ҳар икки сўз орасида гўё “боғлама” сифатида қўллаймиз ва бундан хижолат ҳам бўлмаймиз. Аризани қойиллатиб ёзиб, фикримизни лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмаймиз. Давраларда микрофон тутқазиб қолишса, қочиб, таъзияларда марҳумнинг яқинларига “бандалик” сўзидан бошқа бирор сўзни ёлчитиб айта олмаймиз. Лекин унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-лабланмаганлиги, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги, тил ундошнинг лаб-лаб, лаб-тиш, тил олди, тил ёни, тил ўрта, тил орқа товушининг яқин тил орқа, чуқур тил орқалиги ҳақидаги билим шахснинг тилдан фойдаланиш малакасини қандай ва қанчалик таъминлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

– Суҳбатимиз сўнггида ўзингиз кўп такрорлайдиган саволни бераман: “Ўзбек тили ўладими?”

– Тилнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг ёзувларига, кўп сонли сўзлашувчиларга (100 мингдан ортиқ), давлат тили мақомига ва ахборот коммуникация, Интернет тизимида қўлланиш хусусиятига ҳамда сўзлашувчиларнинг муҳаббатига эгалигидан ташқари, зиёлиларнинг тилларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида қайғуришлари ва мутасаддиларнинг эса бир ёқадан бош чиқариб ташкилий йўл билан курашишлари жуда ҳам зарур. Шубҳасиз, она тилимизнинг ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 млн. дан ортиқ сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлсада, таъкидлаш керакки, унинг ахборот коммуникация технологиялари, Интернет тили даражасига кўтарилмаётгани ва, айниқса, бу борада тегишли илмий тадқиқот муассасалари ва марказларда концептуал характердаги на назарий, на амалий, на ташкилий ишлар олиб борилаётганлиги унинг ҳам йўқолиш хавфидан буткул холи эмаслигини, рўйхатда эса эҳтиётталаб тиллар қаторида қолиб кетаётганлигини кўрсатади. Ижроси кечикиб бораётган бўлсада, бу вазифаларни бажаришга енг шимариб киришсак ва уддалай олсак, она тилимиз, албатта, ҳеч қачон ўлмайди!

Хуршид СЕРОБОВ суҳбатлашди

Манба: “Солиқ плюс” газетаси

5 717
ЎзА