ЎзА Ўзбек

09.06.2019 09:10 Чоп этиш версияси

Баҳорни англамай, ёзга етибман...

Баҳорни англамай, ёзга етибман...

Сирожиддин РАУФ – 1967 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини ва Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирги ТДЮУ) тугатган. 

У “Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз”, “Ташриф” каби шеърий китоблар ҳамда болалар учун “Ғалати мусобақа” тўплами муаллифи.


* * *

БУГУННИНГ ОДАМИ

Кеча ўтиб кетди гулдурос солиб,
Ўтмишга айланди қувончу ғами.
Эртанинг тақдирин қўлига олиб,
Қандай яшаётир куннинг одами?..

Бугуннинг одами вазмин ва ўйчан,
Кўпнинг бахти учун Ҳаққа юкинган.
Бўлмаса ҳам жуда қоматдор, бўйчан,
Елкасини тутган элнинг юкига.

Ўзига ярашган савлат, виқори,
Ҳалол меҳнат билан ўтказади кун.
Ҳар недан улуғдир номусу ори,
Нафсини жиловлаб олган бус-бутун.

Англамоқчи бўлиб ҳар зарб шитобин,
Юракни тинглаган шифокор каби.
Эшитиб кекса-ёш кўнгил хитобин,
Ижобат этмоқлик олий матлаби.

Ҳа, шундай инсон у, ҳар субҳи содиқ
Чўққига тирмашган офтобга боқар.
Эзгу мақсадлари, аъмоли аниқ,
Келажак бағрида гулханлар ёқар.

Юксак ниятларни кўксига жойлаб,
Тавоф этиб келгай Маккатиллони.
Жаҳон минбарларин файзиёб айлаб,
Обод қилсам дейди бутун дунёни.

Ҳа, шундай инсон у, риёдан йироқ,
Мардоналик жўшган жисми-қонида.
Сўзласа гаплари бўлмас тумтароқ,
Ўзбекистонни севар кўпроқ жонидан.

Ҳа, шундай инсон у, кўзлари тийрак,
Булоқдай тип-тиниқ қалби – юраги...
Жимжима таърифлар нимага керак?
У мунис халқимнинг орзу, тилаги!

ДУНЁНИНГ ИШИ

Дунёнинг ишлари аёндир кундай,
Яхшилик бир ёну бир ён ёмонлик.
Ҳукм ҳам ўқилар минг йилки шундай:
Ёвузга – ўлиму мардга – омонлик.

Таёқнинг иккита учидай аниқ,
Шундай ақидалар омон бормикан?
Чунки бугун сира кўрмадим мантиқ –
Нега гул экканлар термоқда тикан?!

Сўзларимни тинглаб, агар бирор зот,
Нима ҳам қилардим, бадбин, деб айтса.
Лекин ўзи чунон айларди фарёд,
Яхшилик қилса-ю ёмонлик қайтса!..

ҲАСБИ ҲОЛ

Ҳатто ўзимгаям аёнмас феълим,
Мени қайдан билсин таниш-билишлар?
Баъзида эшитиб оғрийди дилим,
Дийдаси қаттиқ деб таъна қилишар.

Рости гап, кун сайин ошмади дардим,
Тошларга урмадим бошимни ёриб.
Ахир, ташлаб кетди энг яқинларим –
Онам... отам... устоз Абдулла Ориф.

Нақадар оғирдир бундай йўқотиш,
Мабодо ҳис қилсам, ёрилар юрак.
(Айрилиқ қалбимга ботирса-да тиш,
Жон-жонимга тўзим сўрайман, ё Раб!)

Жудолик кўнгилга солса-да ғулув,
Алвидо демасман бағримни тиғлаб.
Ишонгум: олдинда бордир учрашув,
Салом, деб айтмоққа мудом интиқ лаб.

Ҳа, шундай ўзимни овутаман мен,
Гўё қаторимда хато бўлмаган.
Жизғанак юракни совутаман мен,
Дейман: “Яқинларим асло ўлмагай!”

Нимадир аслида “ўлим” деган сўз,
Ўзи тирик туриб ўлганлар камми?
Қорин қайғусидир уларда гап-сўз,
Беҳуда қувончи, бачкана ғами...

Сохта такаллуфу сохта табассум,
Ясама соғинчдан безорман минбаъд.
Ғийбатлар тутуни ўрлаган гавжум
Давралардан минг бор афзалдир хилват.

Гоҳ кимдир тупугин кўз ёшга қориб,
Ёлғон йўқлов айтиб юрган кезларда
Жаннатмакон устоз Абдулла Ориф
Нигоҳин туяман, нигоҳ – серзарда!

Кимга керак, дейди, бундай сатанглик,
Энди шу айтимлар шон бўлармиди?!
Ўйлайман, ялтоқлик ҳар дам аттанглик,
Аввал ҳам бормиди ё баттармиди?..

Кажрафтор измига, ҳайҳот, кўнайми,
Увол-савобига бўлиб дахлдор?
Замона зулмими замона зайли –
Ахир, ҳар саволга охир жавоб бор!..

Азизу мукаррам сабоғи билан
Йилларни тўзғитар вақтнинг шитоби.
Кўз ёшимдай тийра сиёғи билан
Ҳолимни дарж этар ҳаёт китоби.

Минг шукр, ўзимни олганман йиғиб,
Аммо ҳеч бандадан олмадим улги.
Шу боис бўғзимдан отилмас йиғи,
Кўзларимда чақнаб портламас кулги.

Баҳорни англамай, ёзга етибман,
Умрим боғларида ғимирлар кузак.
Ўзимдан шунчалар олис кетибман,
Бамисли ҳавога тўйинган пуфак.

Осмоннинг четида шафақлар саржин,
Кунга қўл силкитиб тун оғаётир.
Қалбимда бир ҳадик, хавотир парчин,
Тун менинг наздимда тунд оғаётир.

Долғали замонда яшадим, аммо
Бўронлар бағрида сурон солмадим.
Дарёга интилган жилғадай, илло,
Жилдираб-жилдираб, асло, толмадим.

Ўзидан ортмаган касларни кўринг,
Ўзгалар қадамин пойлаб юради.
Агарда бўлмаса заринг ё зўринг,
Палахмонга тошни жойлаб уради.

Дунёнинг суврати тахминан шундай,
Бошидан қолмасми ўпка-гинаси.
Улуғлар ўтдилар куйманиб Кундай,
Қолганлар гап-сўзи... энди нимаси!

САРАТОН

Тандирдан узилган нондай қизариб,
Ловуллаб ёнади фалакда қуёш.
Заминда тириклик бўлмаса зарил,
Бу олов тафтига беролмасди дош.

Беҳушдай сўррайган дарахт пинжида
Бир нави жон сақлар қушлар галаси.
Оқшомги бир пуфлам ел илинжида
Нафасини ютган Қарши даласи.

Олисдан кузатиб туради лоҳас,
Қирлар елкасига минган булутлар.
Тупроққа қоришиб боради хор-хас,
Кўкига кўк кийиб сарғайган ўтлар.

Михлаб қўйгандайин ҳудди оғир дард
Борлиқ бемор каби кўзга тўқинар.
Шу лаҳза бир мева, ҳатто бирор барг
На-да қилт этади, на-да тўкилар...

ЎзА
4 223