Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 12:48 Чоп этиш версияси

Баҳор, аёл ва гул талқини

Баҳор, аёл ва гул талқини Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан кўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда аёл рассомларга қаратилаётган эътибор уларнинг самарали ижод қилишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бунда анъанавий тарзда ташкил этилаётган кўргазмалар ижодкорларнинг бир-бири билан тажриба алмашиши ва ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланишида катта роль ўйнамоқда.

– Бугунги кўргазма бошқа кўргазмалардан бутунлай фарқ қилади, – дейди педагог-рассом У.Юсупов. – Негаки, унда аёл рассомларимизнинг дунё ва гўзаллик ҳақидаги тасаввурлари намойиш этилган. Улар яратган асарларни кузатар эканмиз, баҳор, аёл ва гул образлари нозик дид билан ўзига хос талқин этилганини кўриш мумкин.

Экспозициядаги рассом М.Шувалованинг «Аёл – гул», «Дуо» ва «Бодом ранг», О.Жуманиёзованинг «Севги фариштаси», «Қўриқловчи фаришта», «Уч фаришта» каби асарлари марказида гўзаллик хилқати – аёл тасвири гуллар, ранглар ва тасаввур қоришиқлигида моҳирлик билан яратилгани томошабинларни беэътибор қолдирмайди.

Кўргазмага қўйилган Н.Латипованинг «Лилиялар», М.Ўлмасованинг «Лолақизғалдоқлар», «Ёмғирли кун», Н.Орипованинг «Баҳор», «Қизил атиргуллар», «Анор», О.Залевскаянинг «Заррин гулдаста», «Гуллаётган новда», И.Шиннинг «Баҳор», «Куз» каби асарлари тасвирий санъат ихлосмандларида катта таассурот уйғотмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
1 762






Все о погоде - Pogoda.uz