Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 11:43 Чоп этиш версияси

Ҳар кимки вафо қилса...

Бобур нафақат шоир, балки давлат арбоби, қомусий аллома сифатида чексиз қадр ва эҳтиромга сазовор буюк шахсдир. Шоирнинг «Бобурнома» асари, нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналаридан.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги муносабати билан “Ҳар кимки вафо қилса...” деб номланган давра суҳбатида мумтоз шоирнинг маънавий мероси ҳақида сўз юритилди.

Адабиётшунослар, шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар, ҳарбийлар ва ёшлар қатнашган тадбирда Бобур асарларидаги эзгу ғоялар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустаҳкам фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, хорижий тилларни ўрганган, – дейди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. – У кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилган, илм-фанга, шеъриятга ихлос қўйган. Мустаҳкам билимга эга бўлган шоирнинг 20 ёшида “Хатти Бобурий”ни ёзиши, дунё бўйича кенг ўрганилган ва ҳозиргача ўттиздан зиёд тилга таржима қилинган «Бобурнома» асарининг яратилиши ҳам болалигида олган пухта билими ва иқтидори натижасидир.

Маълумотларга кўра, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортади. Шундан 119 ғазал, 231 рубоий ва туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрлардаги асарлари бизгача етиб келган. Шеърларини мавзу жиҳатидан ошиқона, таълимий, тасаввуфий, ҳасби ҳол каби турларга ажратиш мумкин.

Тадбир доирасида Бобур ижоди ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди, унинг асарлари асосида кўргазма ташкил этилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 160






Все о погоде - Pogoda.uz