ЎзА Ўзбек

15.12.2017 17:00 Чоп этиш версияси

Анъаналардан илҳомланган санъат

Анъаналардан илҳомланган санъат Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида очилган кўргазма шундай номланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазма очилишида кенг жамоатчилик вакиллари, санъатшунослар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

3.JPG

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар мамлакатимиз музейларида сақланаётган амалий санъат намуналарида халқимизнинг бой тарихи, анъана ва қадриятлари ифода этилиб, улар боқий мерос сифатида нафақат мамлакатимиз аҳолисига, ёшларга, балки жаҳонга тарғиб қилишда энг муҳим манба бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

6.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз музейлари фаолиятини такомиллаштириш, халқ амалий санъати дурдоналарини асраб-авайлаш ва намойиш этишдек улуғ ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

22 (1).JPG

– Бугунги кўргазма мамлакатимиз музейларида сақланаётган амалий санъат асарлари тўпламларидан иборат эканлиги билан ажралиб туради, – дейди санъатшунос Манзура Тошматова. – Илк бора бу тарзда ташкил этилган тадбир намойишида XIX-XX асрларга оид тарихий либослар, чопонлар, бош кийимлар, кашталар, сўзаналар ва аёллар тақинчоқлари намуналарини томоша қилиш мумкин. Юксак дид ва моҳирлик билан яратилган бу асарлар бизни халқимизнинг ўша давр ҳаёти, касб-кори ва санъатини ўрганишга даъват этади.

Кўргазма экспозициясидан Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейи, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Фарғона вилояти ўлкашунослик музейи, Самарқанд вилояти ўлкашунослик музейи, “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси каби санъат масканларининг ноёб асарлари жой олган.

Насиба Зиёдуллаева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
12 764