Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.02.2018 13:31 Чоп этиш версияси

ҲАМЗА – янги ўзбек адабиёти асосчиларидан бирими?

ҲАМЗА – янги ўзбек адабиёти асосчиларидан бирими?
  Шахсий фикр

Янги адабиёт асосчиларидан бири бўлиш учун ижодкорга истеъдодли бўлиб туғилишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун у ижодкор сифатида омадли ҳам бўлиши шарт. Яъни унинг истеъдоди билан давр эҳтиёжлари бир-бирига мувофиқ тушмоғи керак. Худди Данте, Навоий, Пушкин зиммасига тушган омадли қисмат янглиғ. Шу маънода Ҳамза толеъи кулган ижодкор. У Беҳбудий, Фитрат, Қодирий ва Чўлпон билан бирга янги ўзбек адабиёти тамал тошини қўйганлардан биридир. Номлари зикр этилган улуғларимиз бутун бир миллат олдига давр юклаган улкан, кечиктирилмас муаммоларни, аввало, тўғри идрок этганлар, сўнгра асосийларини муваффақиятли ҳал этганлар. Шуниси билан уларнинг барчаси ижодкор сифатида жуда ҳам омадлидирлар. 

Ўзбек адабиёти кейинги 500 йил мобайнида чинакамига икки туб бурилишни бошидан кечирди. Биринчиси, Навоий ва Бобур даври ўзбек (туркий) адабиёт билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, ҳеч шубҳасиз, жадидлар даври адабиёти билан боғлиқ бурилишдир. Эҳтимол, Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Қодирий ва Чўлпонларга насиб қилган истеъдод кучи Навоий ва Бобурнинг даҳоси билан бўйлаша олмас, лекин уларнинг маданият, маънавият, адабиёт, санъат ва илм соҳасида амалга оширган ишлари буюк салафлар хизматидан асло кам эмас. Зеро, жадид боболаримиз ўз зиммаларига давр юклаган миссияни жуда юксак даражада адо этганлар. Беҳбудий асосан мафкурада, Ҳамза драмада, Фитрат илмда, Қодирий насрда, Чўлпон эса шеъриятда ана шу улуғ вазифани бекаму кўст бажарганлар. Академик Наим Каримов ёзади: “ХХ аср бошларида туғилган ва шаклланган жадид адабиёти ўз олдига янги адабий бадиий вазифа қўйди ва вазифани ўташ жараёнида шу вақтга қадар адабиётимиз хазинасида бўлмаган янги адабий тур ва жанрлар, тасвир воситалари ва усулларининг юзага келишини тақозо этди”. Бинобарин, бугунги, замонавий ўзбек адабиёти айнан кейинги янгиланиш йўлидан, жадидлар бошлаб берган қутлуғ йўлдан ривожланиб бораётганлигининг ўзиёқ адабиётимизда юз берган сўнгги туб бурилишнинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. ХХ ва ХХI аср мобайнида адабиётимизнинг деярли барча соҳаларида юз берган асосий ўзгаришлар, янгиланишлар ана шу иккинчи туб бурилиш майдонида содир бўлди ва бўлмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки туб бурилиш бўлиши учун истакнинг ва ҳатто истеъдоднинг ўзи етмайди. Бунинг учун даврнинг қўйнида янгиланиш эҳтиёжи пайдо бўлиши керак. Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Қодирий ва Чўлпонлар ана шундай эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келдилар. Гарчанд уларнинг шахсий қисматлари фожиали якун топган эса-да, (биронтаси ўз ажали билан ўлмаган, аксинча, янги ўзбек адабиёти йўлбошловчиларининг ҳаммаси айни ижодлари гуллаган вақтда қатағон қилинган!) номлари зикр этилган улуғлар ижодкор сифатида чиндан-да бахтлидирлар. 

Ҳамза – серқирра ижодкор. Умуман, серқирралик жадид ижодкорларининг аксарига хос. Ҳамза – улуғ драматург, Ҳамза – анъана ва новаторликни бирлаштирган шоир, Ҳамза – бошловчи носир, Ҳамза – ўткир публицист, Ҳамза – моҳир педагог, Ҳамза – миллий композитор, Ҳамза – оташин нотиқ, Ҳамза – режиссёр, Ҳамза – театр арбоби... Булардан ташқари, халқимизнинг бу фидойи ўғлони юртнинг келажаги – маърифат, маориф, адабиёт, таълим-тарбия йўлида амалга оширган ишларининг салмоғи жуда оғир тош босади. Бу қутлуғ йўлда Ҳамза молини ҳам, жонини ҳам аямаган. Бу гаплар шунчаки чиройли гаплар эмас. Ҳамза ва у каби ўнлаб улуғ жадидларимизнинг тақдир йўллари чиндан-да бугунги замондош инсонни ҳайратга солишга қодир. Бу ўринда биз Ҳамза ижодий фаолиятининг тўрт қиррасига тўхталамиз, холос. Булар Ҳамзанинг драма, шеърият, наср ҳамда публицистика соҳаларидаги фаолиятидир. 

Ҳамза драматургияси. ХХ аср аввалида ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янгиланишлар асрлар давомида Шарқ мумтоз адабиёти анъаналари руҳида тараққий этиб келаётган ўзбек адабиётида драматик турни пайдо қилди. Драманинг туғилиши ўзбек адабиёти учун худди роман жанри каби янги ҳодиса эди. Ҳамза ана шу ҳодисанинг бошида турди ва ўз драматик асарлари билан ўзбек драматургиясига асос солди. Мадомики, сўз шу масалага келиб тақалган экан, Ҳамза ва унинг ўзбек драматургиясидаги ўрни масаласида баҳсли қарашлар борлигини айтиш жоиз. Хуллас, масала қисқа ва лўнда баён қилинса, шундай ҳолга келади: Мирмуҳсин Шермуҳамедов (“Бефарзанд Очилдибой”, 1914 йил), Ҳамза (“Янги саодат ёхуд Миллий роман”, 1915) лар роман тажрибасига илк марта қўл урган бўлса-да, уларнинг ҳаракатлари бир тажриба, уриниш даражасида қолган эди. Қодирий эса “бир ҳамла”да “Ўткан кунлар” (1924) билан роман жанрининг рисоладаги талабларига жавоб берувчи йирик насрий асар яратган эди. Шунинг учун ҳам Қодирий ўзбек романчилигининг асосчиси дейилади. Ёхуд Навоийдан олдин Хоразмий, Лутфий, Атоий, Саккокийлар туркий тилда ашъор битгани билан бу тилдаги улуғ хизматлари туфайли айнан Алишер Навоийни ўзбек адабиёти ва адабий тилининг асосчиси деймиз. Адабиётшунослик илмининг мана шу баҳолаш мезонини драматургия соҳасига тадбиқ қилингудек бўлса, қаршимизда қуйидагича манзара қад ростлайди: гарчанд Маҳмудхўжа Беҳбудий “Падаркуш” (1911) номли 2,5 бетлик пьесаси билан ўзбек адабиётида пьеса ёзиб беришни бошлаган бўлса-да, драматургиянинг бутун талабларига жавоб бера оладиган пьесаларни айнан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (“Заҳарли ҳаёт” (1916), “Майсаранинг иши” (1926), “Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши” (1927)ни ёзди. Булардан ташқари, “Бурунғи сайловлар”, “Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари”, “Қозининг сирлари”, "Эл қузғунлари” каби 1921 ва 1928 йиллар орасида ёзилган катта-кичик драмалари мавжуд. Бас, шундай экан, Қодирий ўзбек романчилиги асосчиси деган номга қанчалик сазовор ва ҳақли бўлса, Ҳамза ҳам ўзбек драматургияси асосчиси деган унвонга шунчалар ҳақдор ва муносиб бўлиб кўринади. Албатта, ушбу масала юзасидан мавжуд фактларни турли йўсинда таҳлилу талқин этиб, бир-бирига қарама-қарши хулосаларни ўртага ташлаш мумкин. Аммо адабиёт илмининг баҳолаш критериялари ҳамма учун бир хил бўлиши адолатдан эканлигидан келиб чиқиладиган бўлса, Қодирийга раво кўрилган адолат мезони Ҳамзага келганда таврини ўзгартирмаслиги лозим бўлади. Албатта, бу жиддий масаланинг бошқа нозик жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин. Бундай жиҳатлар истисно қилинмайди. Шунинг учун ҳам соҳа билимдонлари ушбу баҳсталаб масала бўйича асосли, илмий мушоҳадаларини қайтадан ўртага ташлашса, адабиётшунослик ва драматургия кесишган нуқтадаги битта муаммога ойдинлик киритилган бўларди. Нима бўлганда ҳам, ҳали драматургиямизнинг ҳам амалий, ҳам назарий саҳнасида амалга оширилиши, ҳал этилиши керак бўлган жуда кўп ишлар олдимизда турибди. Бунга, жумладан, Ҳамзанинг драма соҳасидаги ўта салмоқдор ижоди ҳам манба бўлиб хизмат қилади.

Ҳамзанинг 1916 ва 1920 йилларда ёзилган “Бой ила хизматчи”, “Лошман фожиалари”, “Фарғона фожиалари” каби асарлари йўқолган. Фақат “Лошман фожиалари”нинг “Истибдод қурбонлари” деган қисми ҳамда “Бой ила хизматчи” драмасининг афишаси сақланиб қолган. Яқин-яқинларгача театрларимизда қўйилиб келган “Бой ила хизматчи” драмасини эса драматург Комил Яшин афишада акс этган мазмун бўйича қайта тиклаган. 

Ҳамзанинг ўзбек драматургия соҳасидаги фаолиятини қисқача қилиб, у ўз даври халқ ҳаётини кўзгуга солиб кўрсатиб беришнинг уддасидан чиқди, дейиш мумкин. Бу эса, барча замонлар ижодкорининг муқаддас орзуси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ҳамзанинг энг сара драмалари ҳозиргача саҳна юзидан тушмай келмоқда.

Давоми бор...

Улуғбек Ҳамдам, адабиётшунос.

ЎзА
16 669