Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 18:32 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий ва XXI аср

Эзгулик ва ёвузликнинг азалий кураши кескинлашган, умумбашарий қарашлар тизимида чуқур эврилишлар юз бераётган, «оммавий маданият» ниқоби остидаги зарарли ғоялар инсон маънавиятини емиришга уринаётган бугунгидек мураккаб глобаллашув шароитида – XXI асрда буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг замон ва макон билмас бадиий закосига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда. Беназир аждодимиз асарлари ҳаёт қомуси каби ҳамиша тўғри йўлнинг ёруғ манзилини кўрсатади, эгри йўлнинг аянчли оқибатларидан сабоқ беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ташкил этилган «Алишер Навоий ва XXI аср» мавзуидаги илмий-назарий анжуманда бу жиҳатлар яна бир карра ўз ифодасини топди. Улуғ шоир таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, турли мамлакатлардан навоийшунос олимлар, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.

Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Мажид Каримов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Кизилтопрак Сулаймон ва бошқалар Ўзбекистонда маънавиятни юксалтириш йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар силсиласида Алишер Навоийнинг инсон камолоти ҳақидаги ҳаётбахш ғояларидан ёшлар маънавиятини бойитишда янада унумли фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланганини таъкидлади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Алишер Навоийга нисбатан улкан эҳтиромини намоён этди. Бугун бу эзгу ишлар катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Навоий ҳикматларини барчамизга эслатаётгани, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани зиёлиларимизни янада руҳлантирмоқда.

Мамлакатимизда Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда улуғ шоирнинг 20 жилдлик мукаммал, 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашр этилди.

Кўплаб хориж мамлакатларида шоир асарлари турли тилларда нашр этилмоқда, бадиий ва илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Токио, Москва, Боку каби шаҳарларда Навоий бобомизнинг муаззам ҳайкаллари қад ростлаб турибди. Меркурий планетасидаги кратерлардан бири ҳам буюк мутафаккир номи билан аталади.

Анжуманда навоийшуносликнинг долзарб масалалари беш шўъбада муҳокама қилинди. “Алишер Навоийнинг илмий мероси ва матншунослик масалалари” секциясида буюк шоирнинг лирик мероси матншунослиги, «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг танқидий матнини тузиш, Қўқон адабиёти музейида сақланаётган Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларини тадқиқ этишнинг долзарб жиҳатлари қамраб олинган. «Алишер Навоийнинг адабий мероси ва таржимаи ҳоли билан боғлиқ масалалар» шўъбасида Навоий шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари, унинг тарбияга доир қарашлари, «Фарҳод ва Ширин» достонида денгиз хронотопи каби қизиқарли бадиий-назарий мавзуларда фикрлашилди.

Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанча кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.

Алишер Навоий асарлари нафақат ўзбек халқининг, балки бутун инсониятнинг маънавий меросидир. Бадиий тафаккур қонуниятларидан бохабар инсон борки, уларнинг инсон тасаввури ва тафаккуридаги ноёб бадиий-эстетик ҳодиса эканини тан олади. “Алишер Навоий ижодининг жаҳон тамаддунидаги ўрни, шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилиш масалалари” шўъбасида бу жиҳатлар яна бир карра таъкидланди. Мазкур секцияда Навоий асарларидаги тарихий шахслар ва давлатчилик ғояси, “Мажолис ун-нафоис”нинг турк тазкирачилигига таъсири, шоир асарларининг жаҳон тилларига таржималари, хусусан, уларнинг Францияда ўрганилиши, темурийлар давридаги олима аёллар фаолияти каби мавзулар муҳокама қилинди.

– Бугун Алишер Навоий асарларининг турк, форс, рус, инглиз, француз ва бошқа тилларга таржималарини ҳамда тадқиқотларини жамласа, юзлаб жилд китоб бўлади. Навоий асарларининг тили бўйича бир неча ўнлаб луғатлар тузилган, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори Аҳмаджон Қуронбеков. – Бироқ бу борада ҳали қилиниши лозим ишлар анча. Навоий сўз бойлиги мавжуд луғатларда тўла қамраб олинмаган, аслида ҳар бир сўзнинг маънолари байтма-байт қайд этилиб, тўлиқ изоҳли луғат ишлаб чиқилиши лозим. Навоий асарларининг транскрипция тизими ишлаб чиқилса, бу меросдан бутун жаҳонда фойдаланиш имконияти кенгаяди.

Илмий-назарий анжуман билан мамлакатимизда Алишер Навоий ижодини тарғиб этиш борасидаги янги конференциялар туркуми бошлаб берилди.

Умид Ёқубов, ЎзА
1 530






Все о погоде - Pogoda.uz