Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 17:05 Чоп этиш версияси

Адабиёт гулшани. Алишер Навоий ғазаллари

Яқин кунларда ЎзА сайтида “Адабиёт” рукнини ташкил этиш режалаштирилган. Унда мумтоз ва замонавий адабиётимиз вакилларининг асарларидан намуналар ҳавола этиб борилади. Янги лойиҳа аввалида Сиз – муштарийлар эътиборига Алишер Навоий ғазалларидан тақдим қилмоқдамиз.


Алишер Навоий

ҒАЗАЛЛАР

Дўстлар, олам элига ёру ҳамдам бўлмангиз,
Ёр ила ҳамдам демайким,ошно ҳам бўлмангиз.

Ошнолиғ айлабон ўз жонингизга ҳар замон,
Боиси юз минг балову меҳнату ғам бўлмангиз.

Еб парийвашлар фиребин, сўнгра топмай илтифот,
Мен киби девонаву расвойи олам бўлмангиз.

Васлу айш обод қилсун халқни,эй дарду ғам,
Сиз бузуғ кўнглумдин ўзга ерга марҳам бўлмангиз.

Эй висол аҳли,ул ойнинг дарди ҳажридин мени,
Кўп кўруб ғамнок сиз ҳам асру хуррам бўлмангиз.

Эй харобот аҳли, йўқ инсонда имкони вафо,
Мастлиғдин дев ўлунг, зинҳор одам бўлмангиз.

Гар Навоий васл аро бўлди залил,эй аҳли васл,
Эмди навбат сизгадур, мунча муаззам бўлмангиз.


***

Эй сабо, ҳолимни арз эт гулруху таннозима,
Эгма қаддимнинг саломин айт сарвинозима.

Айт кўптин кўпу оздин оз ашким шарҳини,
Дарду сабрим нақди садқанг, боқма кўпу озима.

Чунки ўлгум ёшурун ишқим баён қил шаммас,
Воқиф этма лек ишқи аҳлин бу махфий розима.

Новакандозимки элни йиқти кўп андозадин,
Ваҳки, эмди тортмиш новак менинг андозима.

Ул кабутарға фидо жонимки, шавқум номасин,
Қилса таслим элтибон шўхи кабутарбозима.

Чангдек ғам базмида қаддим ҳам ўлди, эй рафиқ,
Ашк ҳар торидин ортар нолае бу созима.

Эй Навоий, ишқ аро қочма балодин зинҳор,
Чунки ошиққа балокашлик келибтур лозима.

Тошкентдаги "Тамаддун" нашриётида 2011 йилда чоп этилган 
Алишер Навоий асарлари тўпламининг 2-томидан олинди.

ЎзА
11 529