ЎзА Ўзбек

08.02.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Адабиёт гулшани

Navoiy.jpg

Алишер Навоий

Кўнглум ўтидин йиғоч кулдур ...

Ваҳки ишқинг зоҳир этсам, ваҳм эрур ўлмак манга,
Гар ниҳон тутсам дағи жон хавфидур бешак манга.
Келган эрмиш ул Масиҳ ўлганларин тиргузгали,
Мен тириг, ваҳ, яхшироқ бу умрдин ўлмак манга.
Жузв-жузвумни, фиғонким, мунфак этти тийғи ҳажр
Бир-биридин лек ўзидур жузви лоянфак манга.
Кўнглум ўтидин йиғоч кулдур, башоқ бир қатра су,
Ногаҳ ул шўхи жафокеш отса бир новак манга.
Олтун эзиниб-эриб куйган саю холис бўлур,
Не ажаб сарғарса юз, еткан саю эмгак манга.
Чок айлармен ёқа ул қоши ёни кўргач-ўқ,
Ким хадангин отса ҳойил бўлмағай кўнглак манга.
Бода ҳажридин оқармиш кўзларим, эй пири дайр,
Айлагил май шишасидин синдуруб айнак манга.
Сарсари ҳижрон, вужудум хирманин андоқ совур
Ким, фано йўлида сарсар бўлмасун ҳамтак манга.
Эй Навоий, гар манга кўпрак эмас уммиди васл,
Бас нағу ушшоқидин жаври эрур кўпрак манга.

Луғат:
Ваҳм – ваҳима, қўрқув.
Бешак – шак-шубҳасиз.
Мунфак – бўлиб ташланган.
Жузви лоянфак – бўлинмас зарра; атом.
Жафокеш – жафо етказишга одатланган, жафокор.
Новак – кичик ўқ.
Саю – сари.
Эмгак – азоб, машаққат.
Хаданг – катта ўқ.
Ҳойил – тўсиқ, парда.
Сарсар – кучли ва совуқ шамол; изғирин.
Ҳамтак – тенг югурувчи.
Нағу – қандай қилиб; нега.

Байтларнинг насрий баёни:
Агар ишқингни ошкор этсам, ўлиб қоламан, деб қўрқаман; мабодо агар пинҳон тутишда давом эттирсам, ҳалок бўлишимга шубҳа йўқ.

Ул Исонафас ўлганларни тирилтириш учун келган эмиш; мен ҳалиям тирик юрибман, бу кунимдан кўра ўлганим яхшироқ.

Фиғонким, ҳижрон қиличи бутун вужудимни бўлак-бўлак қилиб ташлади. Лекин менга улар бўлинмас зарра (атом)дек майдаланиб кетиб, қайта тикланмайдигандек кўриняпти.

Жафокорликка ўрганган ул шўх агар менга бир ўқ отгудек бўлса, кўнглимдаги ўт таъсиридан бу ўқнинг учи – бошоғи сувдек эриб, ёғочи ёниб кул бўлади.

Агар ишқ машаққатидан юзларим борган сари сарғайиб кетса, ажабмас, чунки олтин ҳам оловда эзиб, эритган сари ғашлардан тозаланиб, холисроқ бўлади.

Ул қоши камонни кўрган заҳоти ёқамни йиртиб ташлайман, токи ўқига менинг кўйлагим тўсиқ бўлмасин.

Эй дайр пири, шароб йўқлигидан кўзларим оқариб кетди, энди май шишасини синдириб, менга айнак ясаб бер.

Эй ҳижроннинг совуқ изғирини, менинг вужудим хирмонини фано даштига шундай совурким, ҳатто изғирин бу хирмон гардини излаб тополмасин.

Эй Навоий, агар васл умиди бошқалардан кўра менда кўп бўлмаса, не учун бошқа ошиқларидан кўра менга кўпроқ жафо қилади?!

Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти:

Мажозий ишқ талқинидаги рисолаларга кўра, муҳаббат дастлаб кучли майл шакли ўлароқ вужудга келиб, иккинчи босқичда ошиқ бу туйғуни инкор этишга киришади. Аммо шамолнинг эсиши кучсиз учқунларни сўндириб, кучли оловларни баттар алангалатганидек, ҳақиқий муҳаббат инкор этилгани сайин янада қувват олиб, кўнгилдаги изтироб ва беқарорлик, талпиниш ва иштиёқ оташи ҳаловат уйини барбод қилади. Ошиқ шундай бир ҳолатга тушадики, ишқнинг изҳори ҳам, пинҳон тутиш ҳам унга жон эвазига амалга ошиши мумкинлиги кўзига яққол намоён бўлади:

Ваҳки ишқинг зоҳир этсам, ваҳм эрур ўлмак манга,
Гар ниҳон тутсам дағи жон хавфидур бешак манга.

Дунёдаги энг буюк сир – Ишқ асрорини дилдан тилга келтириш мушкулотига рўбарў келган ошиқ муаммонинг ечимини топгандай: исонафас маҳбуба қурбон бўлган ўликларни тирилтириш ниятида ишқ кўйига йўл олади. Ҳалигача муҳаббатини изҳор этолмасдан, тириклар сафида юрган ошиқ уят ва хижолатдан энди минг ўлимга рози:

Келган эрмиш ул Масиҳ ўлганларин тиргузгали,
Мен тириг, ваҳ, яхшироқ бу умрдин ўлмак манга.


“Мен тирик”, дея хижолатда қолган ошиқнинг аҳволи аслида ўликлардан баттар: ҳижрон тиғи жисмини бўлинмас зарра (атом)ларга бўлиб, майдалаб ташлаган. Ғулув даражасидаги бу муболағали тасвир ҳижроннинг азоби ошиқнинг жон-жонидан ўтиб, бутун вужудини қамраб олгани, бу дард энди вужуднинг бўлинмас қисмига айланганини ифодалашга хизмат қилган:

Жузв-жузвумни, фиғонким, мунфак этти тийғи ҳажр
Бир-биридин лек ўзидур жузви лоянфак манга.


Бундай муболағали тасвир кейинги байтда ҳам қўлланилади: ҳижрон тиғининг зарбидан энг майда заррасигача дардга йўғрилган, бутун вужуди дардга айланган ошиқнинг кўнглида ишқ оташи шунчалик шиддат олганким, агар мабодо маҳбуба унга қарата ўқ отгудек бўлса, бу ўқнинг чўпи кулга, темирли учи эриб, бир томчи сувга айланади. Қалбдаги ишқ ўти асилни қалбакидан, мисни олтиндан ажратувчи синов оташидир. Шу сабабли, мажнуншева ошиқнинг муҳаббат кўйида етган турли машаққатлар асоратидан юзининг сарғайгани ҳам оловда тобланиб, турли чиқинди ва ғашлардан тозаланган олтинга менгзайди. Ишқ дарди ва балоларига одатланган ошиқ энди агар мабодо ўз қошикамонини кўриб қолгудек бўлса, ёқасини чок этади. Бу ёқавайронлик фақат ишқ жунунининг ғалаёнидан нишона эмас, балки муҳаббатнинг навбатдаги ўқи кўнгилни нишонга олганда дунё матоҳи – кўйлак орада тўсиқ бўлмаслиги керак. Навоий бу чиройли ўхшатма орқали ҳақиқий муҳаббат йўлида дунёнинг энг арзимаган матоҳи ҳам катта ғов бўлиши, ишқ дарди руҳоният оламига дахлдор туйғу эканлигини ифодалаб берган:

Чок айлармен ёқа ул қоши ёни кўргач-ўқ,
Ким хадангин отса ҳойил бўлмағай кўнглак манга.

Олдинги байтларда ҳижрон тиғи ва ёрнинг “ўқ”и ҳақида сўз юритилган бўлса, еттинчи байтда навбатдаги анъанавий тимсоллар – “пири дайр” ва “бода” тимсоллари қўлланилганига гувоҳ бўламиз. Бу сафар ҳам шоир анъана замирида янгилик яратиш масаласида беназир эканлигини исботлаган. Байтдаги тасвирга кўра, шаробни кутавериб, шоирнинг кўзлари оқариб кетганлиги сабаб, дайр пиридан май шишасини синдириб, унга кўзойнак ясаб беришни илтимос қилади. Май шишаси рангсиз бўлиб, ичидаги шаробнинг рангига қараб товланишига ишора қилган ҳолда Навоий дайр пири ясаб берган кўзойнак туфайли оламдаги нарсаларни қандай бўлса, ўз ҳолича кўриш иштиёқида эканлигини билдиради. Бундан англашиладики, Навоий истаётган бода – олам ва одамнинг асл моҳиятини англашга ёрдам берадиган маърифат бодаси бўлиб, бу бода (маърифат)нинг ранги ва жилоси қандай бўлса, шундай кўра оладиган “айнак” – басират кўзини очувчи мадад лозим:

Бода ҳажридин оқармиш кўзларим, эй пири дайр,
Айлагил май шишасидин синдуруб айнак манга.


Басират кўзи очилган ошиқ ўзининг ҳақиқий аҳволидан огоҳ бўлиб, фано манзилига юз буради. Аммо бу йўлда унга ягона ҳамроҳ – ҳижрон шамоли. Муҳаббат йўлида фано бўлиш иштиёқи лирик қаҳрамонда шунчалик баландки, ҳижроннинг шамоли ёрдамида борлиқдан хабар берувчи вужуднинг хирмони ҳали фанонинг шамоли эсмасдан барбод бўлишини истайди. Бу ўхшатма орифлар наздида машҳур бўлган “муту қабла ан тамуту” (“Ўлмасдан бурун ўлингиз”) ҳадисининг маъносига далолат қилади:

Сарсари ҳижрон, вужудум хирманин андоқ совур
Ким, фано йўлида сарсар бўлмасун ҳамтак манга.


Фано бўлиш, вужуднинг йўқлик саҳросида ғуборга айланиб кетиши – худкушлик ёки пессимистик кайфиятнинг тасвири эмас. Фано бўлишлик замирида ҳақиқий боқийликка етишмоқ, ўткинчи нарсалар, қолаверса, ўзликдан воз кечиш орқали ўзликни англаш, алалоқибат Яратганни таниш ҳақиқати ётади. Ҳақ йўли – гуллар тўшалган текис ва равон йўл эмас. Бу йўл ҳамиша тузоқ ва тўсиқлар, боши берк кўчалар, адаштирувчи кучлар, сабр косасини синдирадиган тошлоқлар, товонга ботган тикондек мадорни сўрадиган хатокорликларга тўла. Аммо қанча шу йўлда машаққат кўпайса, асл манзилга яқин қолганлигига башоратдир. “Балонинг энг улуғи пайғамбарларга, ундан сўнг у зотларга яқин бўлган кишиларга, ундан кейин бошқа одамларга юборилади”, дейилади ҳадиси шарифда. Демак, инсон бошига қанчалик катта бало синов тариқасида юборилса, демак унинг мақоми ва мартабаси Ҳақ таоло олдида улуғ экан. Шундан руҳланиб, Навоий ўз бошига тушган синовларни руҳбаландлик билан кутиб олиб, ризо ва шукроналик оҳангида ғазалга нуқта қўяди:

Эй Навоий, гар манга кўпрак эмас уммиди васл,
Бас нағу ушшоқидин жаври эрур кўпрак манга.


Олимжон Давлатов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА
12 365