ЎзА Ўзбек

06.05.2019 23:52 Чоп этиш версияси

Абдулла Орипов хотирасига бағишлаб “Олтин сўз” I халқаро адабиёт фестивали ўтказилади

Абдулла Орипов хотирасига бағишлаб “Олтин сўз” I халқаро адабиёт фестивали ўтказилади

2019 йил 9 майдан бошлаб ҳар йили Абдулла Орипов хотирасига бағишланган “GOLDEN WORD” халқаро адабиёт фестивали ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 24 мартда тасдиқланган "Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш, жумладан, тоғли ҳудудларда экологик туризмни ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури"да 2019 йил 9 майдан бошлаб ҳар йили Абдулла Орипов хотирасига бағишланган “GOLDEN WORD” халқаро адабиёт фестивалини ўтказиш вазифаси белгиланган эди. Дастур ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Қаҳрамони, мадҳиямиз муаллифи Абдулла Орипов хотирасини абадийлаштириш, шу жумладан, Шаҳрисабзни "Фестиваллар шаҳри"га айлантириш мақсадида жорий йил 8-9 май кунлари Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида “Олтин сўз” I халқаро адабиёт фестивали ўтказилади.

Фестивалда дунёнинг турли мамлакатларидан шоирлар, ёзувчилар ҳамда журналистлар иштирок этиши кутилмоқда. 

Фестиваль доирасида Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида адабий учрашув ўтказиш, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий-маданий масканларга, Ғузор туманидаги “Тоҳир-Зуҳро” мажмуасига ташриф, мушоиралар ташкил этиш мўлжалланган. 

ЎзА
7 189