Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2018 09:10 Чоп этиш версияси

15 йилдан буён Қозоғистонда ўзбек драма театри фаолият юритади

15 йилдан буён Қозоғистонда ўзбек драма театри фаолият юритади Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилоятида 2003 йил асос солинган ўзбек драма театри бугун қўшни республикада истиқомат қилаётган ўзбеклар маънавий-маърифий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Театр жамоаси ўзбек халқи маданияти ва миллий урф-одатларини кенг тарғиб қилмоқда.

ЎзА мухбири мазкур маънавият маскани фаолияти ҳақида маълумот олиш учун Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек маданият маркази раиси, вилоят ўзбек драма театри директори Икромжон Ҳошимжонов билан мулоқотда бўлди.

Театрни ташкил этиш ишлари 2001 йилда бошланган эди. Дастлаб рухсат олиш, труппани маблағ билан таъминлаш, бино ажратиш, актёрлар ва режиссёр топиш каби ташкилий масалаларда муаммо ва қийинчиликларга дуч келдик.

Teatr 01.jpg

Шароф Бошбековнинг "Темир хотин" асари асосида саҳналаштирилган спектакль жамоамизнинг илк ижодий меҳнати бўлди. Бу спектаклни кенг жамоатчилик вакиллари илиқ кутиб олишди. Кейинчалик театримизга Сайрам туманидаги маданият уйини ажратиб беришди. Бинони таъмирлаш учун бюджетдан етарли маблағ ажратилди. Тезда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди...

2003 йилнинг 22 октябрь куни Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилаётган ярим миллиондан зиёд ўзбек халқи учун ҳам тарихий, ҳам сиёсий байрам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Нурсултон Назарбоев вилоятимизга расмий иш сафари билан ташриф буюриб, вилоят ўзбек драма театри биносини ўзи очиб берди.

Бугун театримиз репуртуаридан 100 га яқин саҳна асари ўрин олган. Қозоғистон бўйлаб гастролларда бўламиз. Турли танловларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқдамиз.

Алоҳида фахр билан айтишимиз жоизки, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳам алоқалар мустаҳамкамланиб бормоқда. Янги асарлар саҳналаштиришда, драматургия борасида Ўзбекистондан кўплаб таниқли режиссёрлар ва ёзувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Президентларимиз эзгу ҳаракатлари билан дўстона алоқаларимиз янада самимийлашиб бормоқда. Ишонамизки, бу каби илиқ муносабатлар барча соҳалар қатори маданий-маърифий алоқаларимиз ривожланишида ҳам ўз аксини топади.

Улуғбек Асроров ёзиб олди.

ЎзА
9 609