Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 11:06 Чоп этиш версияси

«Шарқдан таралган нур» бадиий-ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Кино саройида буюк мутафаккир Абу Али Ибн Сино ҳаётига бағишланган «Шарқдан таралган нур» бадиий-ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров ва бошқалар мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашнинг устувор вазифалари барча соҳалар қаторида ўзбек миллий кинематографияси фаолиятини ҳам такомиллаштириш, соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратишни талаб этаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 августдаги «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги белгиланган вазифалар ижроси доирасида тарихий, замонавий ва ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги фильмлар яратишни режалаштирган. Унга кўра, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мўъин Насафий, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Бобур каби буюк аждодларимиз ҳақида тарихий фильмлар яратилади.

Режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан суратга олинган «Шарқдан таралган нур» фильми бу борадаги илк қадамлардандир. Мазкур кино асари тиббиёт илмининг йирик намояндаси Абу Али Ибн Сино ҳаёти ва ижодига бағишланган.

Фильмга қомусий олим сифатида жаҳонга машҳур Ибн Синонинг буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний билан танишуви асос қилиб олинган. Кинолавҳалар мамлакатимизда, шунингдек, Эрон, Франция ва Россияда тасвирга олинган. Ибн Сино ролини истеъдодли ёш актёрлар Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовлар ижро этган.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида ўзбек кинематографияси олдида турган асосий вазифаларга ҳам атрофлича тўхталиб, буюк аждодларимиз ҳақида ҳар томонлама етук фильмлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди фильм режиссёри Ш.Маҳмудов. – Давлатимиз раҳбарининг кино санъати ва тарихий фильмлар яратиш тўғрисидаги фикрлари бизга туртки бўлиб, буюк аллома ҳақида фильм яратишга жазм этдик. Фильмни суратга олиш жараёнида тарихий фактларга, хусусан, Ибн Синонинг ўзи ҳақида ёзган, кейинчалик шогирдлари томонидан бойитилган манбаларга асосландик. Фильмнинг ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта яратилишида сценарий муаллифи Розиқа Мерганбоева, постановкачи оператор Ҳамидулла Ҳасанов ва бастакор Дмитрий Янов-Яновский билан ҳамфикрликда ишладик.

Гулноза Бобоева, ЎзА
2 559






Все о погоде - Pogoda.uz