Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 12:59 Чоп этиш версияси

Жорий йилда Самарқанд вилоятида 76 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади

Янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида жорий йилда Самарқанд вилоятида 76 минг 600 кишини ишга жойлаштириш режалаштирилган.

Жумладан, Пайариқ туманида йил давомида 1 минг 800 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, биринчи навбатда касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

– Жорий йилга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқишда ҳар бир маҳалла бўйича касб-ҳунар коллежларини битирадиган ёшлар, олий ўқув юртлари битирувчилари ва вақтинча ишсизлар ҳисобга олинган, – дейди Пайариқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори вазифасини бажарувчи Абдусалом Самисов. – Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтадиган 200 дан ортиқ ёш учун квота иш ўринлари тайёрлаб қўйилган. Яратиладиган иш ўринлари асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва қисман, ижтимоий соҳа муассасаларига тўғри келади. Бу борада туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, дастур параметрларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш чораларини кўрмоқдамиз. Йил давомида тумандаги касб-ҳунар коллежлари ва маҳаллаларда бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиш, вақтинча ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш ҳам режалаштирилган.

Марказ маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь ойида туман бўйича юздан зиёд фуқаро ўз мутахассислиги ва турдош касблар бўйича ишга жойлаштирилган. Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳлиё Болиева ана шундай ёшлардан бири.

– Пайариқ тиббиёт коллежини ҳамширалик иши мутахассислиги бўйича битирганман, – дейди М.Болиева. – Ўтган йил декабрь ойида бандлик марказига мурожаат қилганимдан сўнг туман тиббиёт бирлашмасига йўлланма беришди. Шу пайтгача иш ўргандим ва яқинда физиотерапия бўлимига ишга қабул қилиндим.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 205






Все о погоде - Pogoda.uz